Жумладан, вилоятда озиқ-овқат заҳираларини жамғариш ҳамда нарх-наво барқарорлигини сақлаш ишларини ташкил этиш юзасидан тузилган ишчи гуруҳ раҳбари Хоразм вилоят прокурорининг ўринбосари Е.Т.Каипбергенов ва вилоят божхона бошқармасининг биринчи ўринбосари М.Ш.Уразалиевлар иштирокида озиқ-овқат маҳсулотларини четдан олиб келувчи импортёр корхона раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг мавжуд муаммоларини ҳал этиш юзасидан амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Бу борада вилоят божхона бошқармаси тасарруфидаги “Урганч” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида жорий йилнинг ўтган даврида 11,6 млн. АҚШ долларлик 18 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинди. Шундан, 13,3 минг тонна кунгабоқар ёғи, 809,1 тонна картошка маҳсулотлари қисқа муддатда божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, ички бозорларга чиқарилиши таъминланди.
Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун қулай шароит яратиш мақсадида, “Ўзстандарт” ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентликлари ҳудудий марказлари билан ҳамкорликда импорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларини тезкор тартибда сертификатлаш орқали божхона расмийлаштируви амалга оширилмоқда.
Шу ўринда, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига божхона қонунбузилиши ҳолатлари рўй берганида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда вилоят божхона бошқармасининг (62)227-70-11 рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
30.10.2020