Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғиботига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барчасида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади. Дунё тамаддуни тарихида энг аянчли яра сифатида эътироф этиладиган, инсоният бошига кўплаб кулфатларни келтирган уруш бу жаҳон уруши, янада аниқроқ тил билан айтганда Иккинчи жаҳон урушидир.
Иккинчи жаҳон уруш даврида Ўзбекистон аҳолиси 6 миллион 551 минг кишини ташкил этган, шулардан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилган. Демак, ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилган ва 538 мингдан зиёд юртдошимиз урушда ҳалок бўлган.
Шу билан бир қаторда Иккинчи жаҳон уруши даврида халқлар бошига келган кулфатдан ўзбек халқи бағри кенглик, бирдамлик, инсонпарварлик билан фронт ортида ҳам мисилсиз меҳнат қилган ва бардошини намоён этган халқдир..
Иккинчи жаҳон уруши даврида матонат кўрсатган халқ вакили сифатида ўша дамларда қаҳрамонлик кўрсатган аждодларини хотирлаш, номларини абадийлаштириш, улар руҳига ҳурмат кўрсатиш шу халқ вакили сифатида ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 сентябрдаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4820-сонли Қарори ижросини таъминлаш ҳамда Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабанинг таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида 2020 йил 27 октябрь куни соат “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти ташаббуси билан Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда “Аждодлар матонати ва жасорати авлодлар учун намунадир” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ташриф давомида илмий ходимлари томонидан иштирокчиларга “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументлари ёдгорлик мажмуаларининг барпо этилиш ва тарихий аҳамияти тўғрисида маъруза ва таништирувлар ташкил этилди.
“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументлари ёдгорлик мажмуалари барпо этилган бўлиб, Иккинчи жаҳон урушига оид музей ашёлари ва коллекцияларни сақлаш, янгиларини аниқлаш, тўплаш улар ҳақида маълумотларни нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва илмий истеъмолга киритиш, уруш даврида юртдошларимизнинг жанговар ва фронт ортидаги фидокорона хизматларини акс эттирадиган тарихий хотирани мустаҳкамлаш ва келажак авлодга етказиш каби хайрли ишларни кўзлаган холда юртбошимиз ташаббуслари билан барпо этилди.
Жамиятни маънавий юксалтиришда, миллий ғояни мус¬таҳкамлашда, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда музейларнинг алоҳида ўрни бор. Музейларни бежиз тарих, маънавият ва санъат хазинаси деб таърифлашмайди. Уларда турли-туман ноёб ва қимматбаҳо ашёлар жамланганки, халқнинг ўтмиши акс этган бу экспозициялар бизни аждодлар ҳаёти, кураши ва бой мероси билан таништиради. Музейларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда бажарадиган вазифаларидан бири таълим ва тарбия ўчоғи эканлигидир.
Дарҳақиқат, ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси курсантларнинг карабинчилари ва улар томонидан қўл жанги гуруҳларининг чиқишлари бўлиб ўтди.
Шунингдек, Божхона институти курсантлари томонидан Ватанни мадҳ этувчи шеърий чиқишлари намойиш этилди.
28.10.2020