Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ҳуқуқбузарликни олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар ўз натижасини бермоқда
1895
Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда жойларда ўтказилган ҳуқуқбузарликни олдини олиш бўйича профилактик тадбирлари натижасида беэътиборлик оқибатида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олди олинмоқда.
Ҳуқуқбузарликни олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар ўз натижасини бермоқда

Шундай, профилактик тарғиботлар натижасида куни кеча Фарғона вилояти божхона бошқармасига Фарғона вилояти Бувайда туманида яшовчи фуқаро Н. Т. ўз ихтиёри билан  ўқ отар қурол топиб олгани ҳақида мурожаат қилди. У ўз уйида таъмирлаш ишларини амалга ошираётган пайтда, уйнинг том қисмида бир дона ўқ отар қуроли қўндоғи ва стволини топиб олган.

Ноқонуний қурол сақлаш жиноят эканини яхши билган фуқаро бу ҳақда божхона идораларга маълум қилди ва қуролни ўз ихтиёри билан топширди. Шунингдек ушбу туман Янгиқўғрон шаҳарчасида яшовчи фуқаро И.Р.ҳам яшаш хонасининг пол қисмини янгилаётган вақтида топиб олган қора рангли полиэтилен қопга жойланган 1 дона икки стволли ов милтиғини божхона ходимларига ўз ихтиёри билан тақдим этди.

Албатта, ушбу фуқароларнинг ўз вақтида божхона идораларига мурожаат қилгани эътиборга сазовор.

Рақамларга мурожаат қилсак, Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган чора-тадбирлар натижасида жорий йил давомида  5 та ўқ отар қуроли, 18 дона гильза, 2 дона ўқ тайёрлаш учун мосламалар далилий ашё тариқасида олиб қўйилди.

Қурол-яроғ ва ўқ-дориларни божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтиш, бу каби совуқ қуролларни тегишли рухсатномаларсиз ўз хонадонларида сақлаш билан боғлиқ 3 та қонунбузарлик ҳолатлари фош қилинди.

Ноқонуний қурол сақлаш – жиноят. Буни кимдир билмайди ёки билса ҳам бепарво бўлади. Бундай лоқайдлик эса охир-оқибат фуқаролар тинчлигига, хотиржамлигига путур етказиши, турли кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин.

Шу ўринда Фарғона вилояти божхона бошқармаси фуқароларга божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар юзасидан (0373) 244-67-31 ишонч телефонларига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатади.

Ш.Мирзаев,

Фарғона вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати 

13.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг