Барча эзгуликлар, хайрли ишларнинг боши ҳалолликдир, десак, янглишмаган бўламиз. Ҳалолликнинг ўзи каби дўстлари кўп: яхшилик, қут-барака, кўнгил хотиржамлиги, осойишталик.
"Ҳалол!” деган сўз курашда рақибининг икки елкасини ҳеч қандай ғирром ишлатмасдан ерга теккизган полвонлар учун, аслида энг олий мукофот, "ҳалол” беллашаётган марднинг ори, номуси, ғурури. Ҳамма полвонлар шу каломни эшитиш орзусида майдонга тушадилар. "Ҳалол” учун курашадилар. Аслида ҳаётнинг ўзи кураш майдонидир.
Биз ҳам мана шу ҳаёт уммонинг курашчиларимиз аслида.
Ҳалоллик фақат бозордаги тарози билан ёки бўлмасам, полвонларнинг ҳар сафар рақибининг курагини ерга текказганлиги билан ўлчанмайди.
Ҳар бир инсон тутган касб-ҳунари, бажараётган амалларини қалб тарозисига солиб кўрсагина, ҳаётидаги ҳалолликнинг улушини сеза олади, қайси палла кўпроқ тош босишини билиб олади.
Ибрат кўзи билан боқсангиз, ҳалол инсоннинг дили, йўли тўғри, даражаси улуғ, рўзғорида барака, қалбида ҳаловат бўлади.
Тан олиш керак, кўпчилик инсонларда ҳалол бўлиш жуда қийин, деган тушунча борлиги учун ҳам яшашнинг бошқа йўлларини қидирадилар. Яна айримлар: «Бошқалар ҳам шундай-ку»-, дея ўзларини овутгандай бўлади.
Биз божхоначилар ҳам давлат хизматчисимиз. Бизнинг энг асосий вазифаларимиздан бири давлатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ҳамда божхона тўловларини ўз вақтида ва тўлиқ ундириб, давлат бюджетига ўтказиш ҳисобланади. Мана шу шарафли бурчни бажаришда биз ҳеч қачон давлатимизга хиёнат қилмаслигимиз, унинг ҳар бир чақа сўмини тўлиқ ундириб,ҳалол йўл билан меҳнат қилишимиз даркор.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки,энг аввало, ҳалолликка ўзимизни ўзимиз ўргатишимиз зарур. Мен бировга яхшилик қилсам, алдамасам, у бировни алдамайди, яхшилик қилишга уринади. Ҳалоллик қалбга хотиржамлик олиб киради. Қалб хотиржамлиги эса ҳаётимизни гўзаллаштиради. Бир нарсани унутмайлик, ҳар бир қилаётган ишимиз, амалимиз ўз баҳосини албатта топади.
26.10.2020