Жорий йилнинг 8 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилиниши ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди.
Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти томонидан ҳам жорий йилнинг 24 октябрь куни Қатоғон қурбонлари хотираси давлат музейида “Инсон – азиз, хотира – муқаддас” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ташриф давомида музейнинг илмий ходимлари томонидан Божхона институти ходимларига “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ҳамда “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейининг барпо этилиш ва тарихий аҳамияти тўғрисида маъруза ва таништирувлар ташкил этилди.
Мазкур ёдгорлик мажмуи, “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи бу ерга ташриф буюрувчиларда, айниқса, ёшларда катта таассурот қолдиради. Миллий меъморий анъаналар асосида барпо этилган музейга киришингиз биланоқ Чор ва шўро мустамлакачилиги даврининг фожиали манзаралари кўз олдингизда гавдалана бошлайди. Учта зал ва ўн бўлимдан иборат музейнинг биринчи залида Ўрта Осиёнинг Чор Россияси томонидан босиб олиниши ва бунга қарши кўтарилган халқ қўзғолонларидан тортиб ўтган асрнинг 30-йиллари бошларида рўй берган сиёсий қатағонларгача бўлган воқеалар билан танишиш мумкин. Иккинчи залдаги экспозициялар 1937-1938, 1940-1950 йиллардаги сиёсий қатағонлар ҳамда 80-йиллардаги “пахта иши” ҳақида ҳикоя қилади. Навбатдаги зал эса, бугунги дориламон кунларгача бўлган тарихий йўлларнинг босиб ўтилиши, Мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилган оламшумул ишларга бағишланади.
Дарҳақиқат, ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам.
Жамиятни маънавий юксалтиришда, миллий ғояни мустаҳкамлашда, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда музейларнинг алоҳида ўрни бор. Музейларни бежиз тарих, маънавият ва санъат хазинаси деб таърифлашмайди. Уларда турли-туман ноёб ва қимматбаҳо ашёлар жамланганки, халқнинг ўтмиши акс этган бу экспозициялар бизни аждодлар ҳаёти, кураши ва бой мероси билан таништиради. Музейларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда бажарадиган вазифаларидан бири таълим ва тарбия ўчоғи эканлигидир.
24.10.2020