Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарёдан мазали ва тотли узумлар экспортга жўнатилмоқда
2177
Айтиш жоизки, Қашқадарёда ҳам узумчилик тармоғи кенг қулоч ёйган, деҳқонларимиз ток парваришлашнинг интенсив усулларини қўллаш, серҳосил навларни етиштиришда илғорлик намоён этишмоқда.
Қашқадарёдан мазали ва тотли узумлар экспортга жўнатилмоқда

Тегишли дастурлар асосида ҳудуддаги токзорлар майдони янада кенгайтирилмоқда, соҳада фаолият юритаётган хўжаликлар эса ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамлаб борилаяпти. Янги токзорларни барпо этишда ҳудуднинг иқлими, тупроқ унумдорлиги эътиборга олинмоқда.

Аҳамиятлиси, лалми ерларда ҳам узумчилик билан шуғулланиш борасида катта тажриба тўпланган. Юқори ҳосилдор ва экспортбоп маҳсулотлар етиштирилмоқда. Бу эса ички бозорни тўлдириш билан бирга, ортган маҳсулотларнинг хорижга чиқарилаётгани эса вилоятимиз экспорт салоҳияти юксалишига шароит яратмоқда.

Ҳар бир боши марварид шодасидек, мазаси тилёрар узумларимиз чет элларда севиб истеъмол қилинади. Маҳсулотни сотиб олиш истагида бўлган талабгорлар кўплаб топилади. Бу эса ўз маҳсулотини хориж бозорига етказиб беришни мақсад қилган юртимиз соҳибкорлари учун айни муддаодир. Маълумотларга кўра жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида вилоят божхона бошқармаси тасарруфидаги божхона постлари орқали воҳамиз тадбиркорлари томонидан 229 тонна узум экспортга чиқарилди. Мазкур жараёнда 10 дан зиёд экспортчи корхона иштирок этгани аҳамиятлидир. Уларнинг орасида “Food Experts” МЧЖ ҳам бор.

– Айни вақтга қадар россиялик ҳамкорларимизга сара ва экспорт талабига мос 101 тонна узум етказиб бердик, – дейди ушбу жамият директори Санжар Ҳусанов, – Хорижлик ҳамкорларимиз билан мева-сабзавот олди-сотдиси бўйича манфаатли келишувлар имзолаганмиз. Маҳсулотлардан узум, хурмо, анор, лимон етказиб бермоқдамиз.

Қайд этиш жоиз, ҳар қандай мамлакат иқтисодий қудрати унинг жаҳон бозоридаги иштирокига, экспорт салоҳиятига қараб баҳоланади. Шу боис мамлакатимизда ҳам хорижга маҳсулот чиқариш кўламини ошириш, бу борадаги имконият ва ресурслардан тўлақонли фойдаланиш масаласи устувор аҳамият касб этаяпти. Шунга ҳамоҳанг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни экспорт фаолиятига жалб этиш, ташқи савдо билан шуғулланмоқчи бўлган ишбилармонларга кўмак кўрсатишга қаратилган чоралар кўрилмоқда, соҳа вакилларига бисёр енгилликлар тақдим этилаяпти.

– Яратилган енгилликлар ўз самарасини кўрсатмоқда, буни вилоятимиз экспорт ҳажми ортаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин, – дейди вилоят божхона бошқармаси катта инспектори Тўлқин Қамбаров. – Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, вилоят божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида чет давлатларига умумий қиймати
152,9 миллион АҚШ долларилик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши ошган. Муҳими ушбу фаолият билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари сони ҳам кўпайган. Шунингдек, ушбу давр мобайнида чет элга вилоятдан вазни 10 минг тонна мева-сабзавот экспортга расмийлаштирилди. Харидорлар орасида Россия ва қўшни давлатлар етакчи. Айни кунларда эса воҳада етиштирилган узум, хурмо, олма каби сархил ва хуштаъм мевалар экспорти жадал давом этмоқда.

Юртимиз замини саховатли, тупроғимизда унган ноз-неъматлар борки, бари сарҳил, экологик тоза, жуда тотли ва кўплаб фойдали хусусиятларни ўзида жамлаган. Шунинг учун ушбу маҳсулотларнинг қадри баланд, харидори кўп. Қишлоқ хўжалиги ривожига қаратилаётган эътибор сабаб эса нафақат бозорларимиз тўкинлиги таъминланаяпти, балки ички истеъмолдан ортган мева-сабзавот ва узумни хорижга сотиш имкони мавжуд. Бу имкониятдан унумли фойдаланиш мамлакатимиз иқтисодиёти ривожи, халқ фаровонлиги юксалишига ҳар томонлама хизмат қилади.

 

 

24.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг