Шу пайтгача пиротехника воситаларини пуллаб мўмай даромад орттирмоқчи бўлган, уларни яширин йўллар орқали юртимизга олиб киришга уринган фуқароларга тегишли чоралар кўрилди.
Аммо айрим фуқароларимиз ушбу воситаларнинг инсон саломатлигига қанчалик хавф туғдиришини билсада, ҳамон мўмай даромад орттириш пайида юрганлиги ачинарлидир.
Божхона органлари томонидан пиротехника воситаларини кириб келиши ва ноқонуний савдосига қарши кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Хоразм вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан олдиндан олинган тезкор маълумотга асосан, вилоят Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Урганч шаҳрида пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказилди.
Натижада, Урганч шаҳрида жойлашган “MAN” маркази олдида йўл бўйида тўхтаб турган фуқаро С.Ж ва унга тегишли бўлган қўл сумкаси холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг сумкасида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган, 30 қути жами 1800 дона “Трения” ёзувли пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Маълумот ўрнида, пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик кўзда тутилган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддасига мувофиқ, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш – ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексининг 2501-моддасида эса бундай қилмишлар содир этганлар учун жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган.
24.10.2020