Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши “ҳалоллик вакцинаси”си билан курашишимиз керак
1955
Халқ фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва бу орқали юртимизнинг нуфузини ошириш бугун энг асосий вазифалардан бири этиб белгиланган. Мазкур ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлаш учун эса албатта коррупциянинг олдини олиш ва унга барҳам бериш жуда муҳимдир.

Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Коррупцияга карши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз, биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак” эканлигини алоҳида таькидлаб ўтдилар.

Бундан кўриниб турибдики, биз фақат коррупциянинг оқибатлари билан эмас унга сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш бўйича ишларни олиб боришимиз лозим бўлади.

Бу иллатга қарши курашишда жамоатчиликнинг ўрнини ҳисобга олган ҳолда Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам жамиятда коррупциянинг олдини олиш борасида тадбиркорлар, аҳоли, кенг жамоатчилик вакиллари ва шахсий таркиб билан турли учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, мазкур иллатнинг салбий оқибатлари тушунтириб борилмоқда. Қолаверса, ўқув масканлари, маҳалла, корхона ва ташкилотларда кенг жамоатчилик ўртасида ўтказилаётган аноним сўровномалар ҳам коррупциянинг олдини олишда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Мавзу юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар мунтазам республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилмоқда. Шунингдек тарбиявий аҳамиятга эга бўлган видеороликлар тайёрланиб, ходимларга ҳамда чегара божхона постларида намойиш этилмоқда.

Бошқарма ходимларининг хизматга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш, улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳар қандай қонунбузилиши ҳолатларни олдини олиш, ходимлар ўртасида соғлом ишчанлик муҳитини шакллантириш мақсадида, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида кўплаб ходимларнинг оила-аъзолари билан учрашувлар ўтказилди.

Бундан ташқари, бошқарманинг кенгайтирилган йиғилишларида барча ходимлар ўз хизмат вазифаларини ҳалол, виждонан, юқори профессионал даражада ва ваколатларидан четга чиқмаган ҳолда бажариши, ҳар қандай вазиятда божхона ходими шаъни ва қадр-қимматини сақлаши, божхона ходими одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши, камтар, хушмуомалада бўлиши уқтириб келинмоқда.

Шу ўринда Давлат божхона хизмати органларининг хизмат фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳар қандай масала юзасидан Давлат божхона қўмитасининг “11-08” ва Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг (67) 225-48-67 рақамли ишонч телефонларига 24 соат давомида мурожаат қилишлари  мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Унутмаслик керакки, коррупцияга қарши курашишда барчамиз бирдек масъулмиз ва бу ҳар бир фуқаронинг ватан олдидаги юксак бурчидир.

24.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг