Хусусан, пандемия даврида қисқа вақт давомида тиббиёт ходимларига аҳолига бепул тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратилиб берилди. Ҳозирги вақт мобайнида коронавирус беморларини қабул қилиш масканлари, госпиталлар, лабораторияларда жаҳон стандартлари асосида керакли лаборатор таҳлиллар ўтказилиши учун барча реактивлар, тиббий аппаратлар билан тўлиқ таъминланди.
Шунингдек, барча тоифадаги малакавий тор мутахассислар жалб этилиб, беморларни даволашда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш учун барча зарур шароитлар яратилди. Бу эса ўз вақтида беморларни тўлиқ диагностик текширувлардан ўтказилиб, ташхислаш, даволаш протоколлари асосида тузалиб боришида беқиёс ҳимоя кўмаги ҳисобланади.
Айниқса, Президентимиз томонидан чет давлатлардан мутахассисларни жалб этиб, малака алмашинуви асосида даволаш жараёнининг жадаллаштирилиши, аҳоли билан биргаликда замонавий қарашлар билан “Биргаликда енгамиз” шиори остида пандемия даври ислоҳотларини баҳамжиҳат олиб борилиши шифокорлар қалбига, руҳиятига катта далда бўлди. Энг асосийси, бу ислоҳотлар натижасида халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб берилиши, одамларимиз етарли даражада сифатли тиббий ёрдам олиши учун тиббий муҳитнинг шакллантирилиши, янги-янги замонавий тиббий асбоб-ускуналарнинг кўпайтирилиши, зарур тиббий дори-дармонлар ва жиҳозларнинг ўз вақтида етарли даражада тарқатилиши халқимиз ва тиббиёт ходимлари учун берилаётган муносиб эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, пандемия даврида тез фурсатда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш узлуксизлигини таъминлаш, коронавирусга текширувларни тезкор ва самарали ташкил этиш ва беморларни керакли бепул дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича қилинадиган ишларга эътибор қаратилди. Коронавирус инфекцияси бўйича тест натижалари мусбат натижа берган ҳамда касаллик енгил кечаётганлиги сабабли шифокорлар тавсиясига асосан уйда даволанаётган беморлар учун ҳам тиббий воситалар бепул етказилаяпти.
Шуни эътироф этиш жоизки, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида бугунги кунда Бухоро вилоятида ҳам Covid-19 бўйича вазият барқарор. Аҳоли ўртасида инфекцияни олдини олиш, карантин талабларига амал қилиш борасида узлуксиз тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Бу борада ҳеч қандай хавотирга асос йўқ.
Президентимиз бир гал ўз нутқларида “Керак бўлса, махсус самолёт ажратиб, кислород концентраторларни Ўзбекистонга олиб кирамиз” деб пандемия даврида ҳар бир беморни даволаш учун кислородга эҳтиёж кескин ортишини олдиндан баҳолаб, амалга оширган саъй-ҳаракатлари Ўзбекистон халқига бўлган меҳр-муҳаббати ифодаси бўлди.
Пандемия даврида аҳоли тиббий маданияти, савияси ва билимини мунтазам ошириб, ҳар куни короновирус инфекциясини олдини олиш бўйича профилактика ишларини олиб бориб, аҳолига гигиена қоидаларига амал қилиш зарурлигини уқтиришимиз соғликни сақлаш соҳасида енгиллик яратилишида муҳим ўрин тутади.
Мамлакатимизда туб янгиланишларни аввало ижтимоий ҳаётимизнинг энг муҳим йўналишлари бўлмиш тинчлик ва осойишталикни сақлаш ҳамда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Чунки, тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун аҳолимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъматдир. Фақат соғлом инсон ва соғлом халқ мислсиз ишларга қодирлигини ҳаммамиз яхши англаймиз.
Шундай экан, нафақат тиббиёт ходими балки ҳар бир инсон ўз саломатлигига тўлиқ эътибор бериши, пандемия даврида ўзининг ва оила аъзоларининг соғлиги учун курашиши шарт деб ўйлайман. Бу ғоят долзарб ишларни ўзимиз қилмасак, ҳеч ким бизга четдан келиб ёрдам бермайди.
Бугунги синовли кунларда барча соҳа вакиллари жипслашиб, тинимсиз ҳаракат қилсак, курашсак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий тиббий даволаш усулларидан самарали фойдалансак, ўзимизни ва оила аъзоларимизни асраб-авайлаб олдинга интилсак эзгу мақсадларимизга албатта эришамиз.
Кўринмас ёв билан курашга отланган, саломатлигимиз посбонлари ҳисобланувчи тиббиёт ходимлари эса ўзларининг бой билим ва маҳорати, илғор малака ва кўникмаси, касбига меҳр ва садоқати билан халқимиз қалбидан муносиб жой олади деб ишонаман.
ФЕРУЗА ИКРАМОВА,
Бухоро вилояти Эндокринология диспансери
олий тоифали шифокор эндокринологи,
тиббиёт фанлари номзоди
23.10.2020