Давлат божхона қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий божхона бошқармалари томонидан коррупция иллатига қарши кескин чоралар кўрилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармонига асосан, божхона тизимида коррупция, ноқонуний валюта операциялари ҳамда божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлашга қарши курашишда божхона маъмуриятчилигининг замонавий усулларини қўллаш белгиланган.
Айтиш жоизки, экспорт ва импорт товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда, тизимда жорий этилган 54 та автоматлаштирилган ахборот дастурларидан самарали фойдаланиш, шунингдек товарларнинг божхона назорати ҳамда расмийлаштирувида “яшил”, “сариқ”, “кўк” ва “қизил” йўлакларнинг жорий қилиниши мамлакатимизда бизнесни юритиш жараёнларини тезлаштириш ва соддалаштиришга хизмат қилиш билан бир қаторда, коррупцияга имкон берадиган турли ҳолатларнинг ҳам олдини олмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларга мувофиқ, Қашқадарё вилоят божхона бошқармасида ҳам шахсий таркиб орасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, жумладан қонунчилик, хизмат интизоми, одоб-ахлоқ қоидалари ва ички тартибга риоя этилишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, фуқароларга ушбу жиноят билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларининг гувоҳи бўлганларида Давлат божхона қўмитасининг қисқа “11-08” рақамли ишонч телефонига ёки бошқармада ташкил этилган “75 221-04-80” рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
23.10.2020