Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўсимликлар карантини бўйича фаол ҳамкорлик олиб борилади
4583
Давлат божхона қўмитасида Ўсимликлар карантини инспекцияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 13 октябрдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини яқиндан етказиш ва қарор ижросига доир вазифалар юзасидан семинар бўлиб ўтди.
Ўсимликлар карантини бўйича фаол ҳамкорлик олиб борилади

Видеоконференция тарзида ташкил этилган тадбирда Давлат божхона қўмитасининг Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармаси, Божхона назоратини ташкил этиш бош бошқармаси, Ўсимликлар карантини инспекциясининг Ўсимликлар карантини ва ҳимояси йиғма ахборот-таҳлил ҳамда Инновация ва рақамли технологияларни ривожлантириш бошқармалари вакиллари, шунингдек, ҳудудий божхона бошқармаларидаги масъул ходимлар иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони билан Давлат божхона қўмитасида ташкил этилган  Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармасига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.

Мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, республика ҳудудида катта иқтисодий зарар келтириши мумкин бўлган зарарли организмларнинг кириб келишининг олдини олиш борасида Ўсимликлар карантини инспекцияси билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Жорий йил 13 октябрдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори эса мазкур йўналишдаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда.

Қарорга кўра, тез бузиладиган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортга юкланадиган жойларда зарур инфратузилма яратилади ва ускуналар билан жиҳозланади. 2021 йил 1 июлга қадар ўсимликлар карантини чегара пунктларини республика ҳудудига олиб кирилаётган карантин остидаги маҳсулотларнинг тури бўйича ихтисослаштириш юзасидан тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади.

2021 йил 1 январга қадар Давлат божхона қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда «e-Fitouz» автоматлаштирилган ахборот тизими «Ягона дарча» божхона ахборотлаштирилган тизимига интеграция қилинади. Ва бу жараён ҳозирда якунига етиш арафасида.

Соҳада яна бир янгилик – эндиликда Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология марказида “Ўздавкарантин” инспекцияси фаолиятида кенг фойдаланиш учун ўсимликлар карантини “детектор – хизмат ит”лари ва кинологлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Ҳозирда божхона органлари томонидан Евроосиё иқтисодий иттифоқи талаблари ва хорижий тажриба асосида ўсимликлар карантини чегара масканларини қуриш ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Қарорга биноан чегара-божхона постларидаги Ўсимликлар карантини чегара масканлари карантин организмлари аниқланган карантин остидаги маҳсулотларни вақтинча сақлаш учун махсус изоляцияланган хоналар билан таъминланади.

Семинарда мазкур вазифаларни ўз вақтида ва сифатли тарзда амалга ошириш юзасидан келгусида ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

22.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг