Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Рақамли божхона ва унинг ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди
4016
22-23 октябрь кунлари Россия Федерал божхона хизматининг Россия божхона академияси томонидан ўтказилаётган "Евроосиё интеграциясини чуқурлаштириш шароитида божхона маъмуриятининг истиқболлари" ХII халқаро илмий-амалий конференцияси ўз ишини бошлади.
“Рақамли божхона ва унинг ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Мазкур нуфузли анжуман доирасида Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида “Рақамли божхона ва унинг ривожланиш истиқболлари” мавзусида видеоконференция кўринишида пленар сессия ташкил этилди.

Тадбир ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини таҳлил қилиш, божхона маъмуриятчилигини такомиллаштиришнинг инновацион ёндашувлари ва истиқболли йўналишларини кўриб чиқиш ҳамда таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилишга қаратилган.

Пленар сессия Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Россия Федерацияси Федерал божхона хизмати ўртасида кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумга мувофиқ ташкил этилди.

Конференцияда МДҲга аъзо давлатлар божхона хизмати ходимлари, Евроосиё иқтисодий кенгаши ва Россия Федерациясида фаолият олиб бораётган хорижий давлатлар божхона ваколатхоналари вакиллари, ташқи иқтисодий фаолият соҳаси мутахассислари, шунингдек, Белорусия Республикаси Божхона органлари ходимларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Рига техника университети ва Россия божхона академиясининг илмий-педагогик ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда асосий эътибор пандемия сабабли ўрнатилган чекловларга қарамасдан, давлатлар ўртасида ташқи савдо юзасидан самарали алоқаларни давом эттириш ва ривожлантиришдаги ҳамкорликнинг хавфсиз усул ва шаклларига қаратилди.

Шунингдек, анжуманда Евроосиё иқтисодий кенгаши директори С.Владимиров, Литва Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонаси божхона атташеси Г.Черняускене, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Р.Акрамов, Латвия Республикаси Давлат даромадлари хизмати вакили В.Штейнбергс, Ҳиндистон Республикаси Солиқлар ва божхона бошқармаси комиссари Г.Вриндаба, Молдова Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонаси божхона атташеси Ю.Чебан ва Тожикистон Республикасининг Россия Федерациясидаги божхона ваколатхонаси бошлиғи Э.Журабекзодалар сўзга чиқишди.

Бугунги кунда пандемия билан боғлиқ чекловларга дуч келаётган ташқи савдо алоқаларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатларда божхона қонунчилигини либераллаштириш, божхона процедураларини соддалаштириш ва шаффофлигини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қўшимча имтиёз ва шароитлар яратиш ҳамда савдони енгиллаштириш билан боғлиқ халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ва стандартларини жорий этиш божхона соҳасини ривожлантиришнинг устувор вазифалари ҳисобланади. Шу сабабли, ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида фикр алмашиш муҳим ҳисобланади.

Республика вакиллари ўз маърузаларида давлатимиз олдида турган долзарб вазифалар қаторида ташқи иқтисодий фаолият ва ташқи савдони ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, савдо айланмасининг ўсиши, иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши ва инвестицион жозибадорликни оширишга қаратилган амалий чора-тадбирларни амалиётга жорий этиш каби устувор вазифалар ўрин олганини таъкидлаб ўтишди. Ушбу жараёнга рақамли технологияларни жорий этиш тобора долзарб ва аҳамиятли бўлиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига йўллаган Мурожаатномасида 2020 йилни "Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" деб эълон қилиш таклифи киритилди. Хусусан, давлат раҳбари бугунги кунда жаҳонда рақамли технологиялар барча соҳаларда ҳал қилувчи рол ўйнаётганини таъкидлади. Белгиланган мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги «Рақамли Ўзбекистон—2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6079-сонли Фармони ва у билан тасдиқланган "Рақамли Ўзбекистон-2030" стратегияси ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги "Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПФ-6005-сон фармони билан божхона идораларига, божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, «қоғозсиз ва электрон божхона»нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган «рақамли божхонани» шакллантириш, шунингдек, божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш каби топшириқлар берилган. Бунинг учун эса ташқи савдонинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай чекловларни минималлаштириш ва божхона процедураларини автоматлаштириш кўзда тутилган.

Тадбир иштирокчилари ўз чиқишларида божхона маъмуриятчилигини оптималлаштириш ва соддалаштириш, шу жумладан рақамли божхонага босқичма-босқич ўтиш бўйича ўз тасдиғини топган ва илмий асосланган ечимларни қўллаш бўйича хорижий давлатларда олиб борилаётган тадқиқотлар ва изланишлар тўғрисида маълумот бердилар.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан божхона органларига қўйиладиган замонавий талабларни, шу жумладан божхона қонунчилигини либераллаштириш, божхона процедураларини соддалаштириш ва шаффофлигини таъминлаш, ташқи савдо иштирокчилари учун қўшимча имтиёзлар яратиш, халқаро шартномалар, халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ва стандартларини жорий этиш каби масалалар кўриб чиқилди ва муҳокама қилинди. Таъкидландики, ҳар бир мамлакатнинг тажрибаси, ҳал қилинган масалалар ва эришилган натижалари аҳамиятга эга бўлиб, қизиқиш ўйғотди.

Халқаро илмий-амалий конференция якунида иштирокчилар божхонани рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида хабардор бўлиб, ўзлари учун фойдали ва долзарб маълумотларни қўлга киритдилар ҳамда илмий, амалий ва таълим соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашдилар.

Давлат божхона қўмитаси

Божхона институти

22.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг