Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тил - миллат бойлигидир
14843
Бизга маълумки, тил ҳар бир миллат ва давлатнинг асосий фахр-ифтихор ва хазина манбаи бўлиб келган. Тарихда бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Миллат тили ўз урф одат ва маданиятларини акс эттиради ва кишида ўша миллатга хос бўлган одатлар шаклланади, яъни тилда миллат руҳи яшайди.

Ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини ўқиган ўқувчида ўзбек миллатига хос бўлган фазилатлар уйғонади, ўқувчи мазкур романни ўқир экан, ўзбек миллатининг тарихидан маънавий ҳайратланади, завқланади, ибрат олади, қаҳрамонлар ҳаёти ва характери хусусиятидан таъсирланади, ҳис қилади ва йиғлайди. Яна бир адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобини олиб кўрайлик.

Ушбу асарда ҳам ўзбекона кайфият, турмуш тарз, ўзбекона мафкура ўз ифодасини топган. Бу асарлар қанча ўқилсада, ўша руҳ тилни тарк этмайди.

Шунингдек, ушбу асарлар қайси тилга таржима қилинмасин, барибир ўзбекона мафкуранинг мазмуни акс этиб туради.

Умуман олганда, тилда миллат яшайди, ривожланади ва келгуси авлодга тарих ҳақида сабоқ беради.

Шунингдек, ҳар бир асар миллат ҳақида қайғуради, тарихдан садо беради, ўқувчига келажакда орзу умидлар уйғонишига имкон яратади.

Умуман олганда, бугунги ўзбек тилининг ютуқ ва камчиликлари ҳақида мулоҳаза қилиб кўришимизни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Ўзбек тилининг ютуқларига келсак, ривожланган давлатларнинг олий ўқув юртларида хорижий тил сифатида ўрганиляпти, камчиликларига келсак, ўзбек тилидаги мулоқотга, бошқа тилдаги сўзларни аралаштириб гапириш, ёки жамоа жойлардаги афиша ва рекламалардаги қўпол грамматик имловий хатоларининг мавжудлиги ва бу хатоларга уни англаган кишининг ҳам шунчаки беэътиборлиги ачинарлидир.

Юқоридаги фикр мулозаҳазалардан хулоса чиқариш мумкинки, энг аввало оилавий муҳит ва ўқув даргоҳларида соф бадииятни, адабиётни, маданиятни, санъатни ривожлантирмасдан туриб илм фанни тараққий эттира олмаймиз.

Япония давлатида 1 синфга борган ўқувчига энг биринчи дарс сифатида япон миллатига хос урф одат, қадрият ва ахлоқ сингдирилади. Мактабларда фаррошлар йўқ, ўқувчиларнинг ўзлари тозалик ишларида фаол қатнашишади. Ҳаттоки, овқатланиш тарзлари жамоавий тарзда амалга оширилади.

Бу каби шарт-шароитлар, уларда меҳнаткашлик, миллатга, халққа бўлган ҳурмат ва урф одатларни сақлаб қолишга бўлган иштиёқни шакллантиради. Ўрнак олишимиз керак бўлган ҳолатлар тарихимизда ҳам мавжуд. Тарихни бадиий шаклда, адабиётларда ўқиган ўқувчи, ҳақиқатан уни буюклигини ҳис этади. Демак, бизнинг бугунги кундаги вазифамиз, ўзбек адабиётини, тарихини чуқур ўрганиш ва ёш авлодга бадиий тарзда етказишдан иборат. Ана ўшанда ҳақиқий бойлигимизни сақлаб қолган бўламиз. 

А.Омонов

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходими

21.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг