Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган фуқаро Н.Ж. юк автомашинасига ортилган 4 турдаги 28 минг 764 қути дори воситаларини ноқонуний равишда шартли харидорга 600 миллион сўм эвазига реализация қилаётган вақтида фош қилинди.
Шунингдек, ушбу шахсга тегишли “Жентра” русумли енгил автотранспорт воситаси салонида ҳам 9 номдаги 406 қути дори воситалари борлиги аниқланди.
Хорижда ишлаб чиқарилган, аммо сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган мазкур дори воситаларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 700 млн. сўмни ташкил қилмоқда.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Азиза Хушвақтова
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати
Элёр Хўжамов
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
20 бошқарма прокурори
21.10.2020