21 октябрь санасини кўтаринки руҳда нишонлаш юзасидан Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Байрам арафасида ОАВ вакиллари иштирокида она тилимизнинг буюклиги, жозибадорлиги, бетакрорлиги ва ўзига хос фазилатларини тараннум этувчи ва давлат тилида иш юритишга доир турли маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва ижодий кечалар шулар жумласидандир.
Сирдарё вилоят божхона бошқармасида мазкур йўналишда “Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир” мавзусида навбатдаги тадбир ташкил этилди. Унда вилоят Маънавият маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Халқ таълими, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, Касаба уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар, Ёшлар ишлари агентликлари, Гулистон давлат университети, вилоятда фаолият кўрсатаётган ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлганлигини ҳамда “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар эшигини очганлигини таъкидлашди.
Оддий қилиб айтганда, ўзбек тили – бу ўзбек халқининг она тилидир. У халқимизнинг бирлиги ва яхлитлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳисобланади. Шундай экан, она тилимизни ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш ва унинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш муҳим вазифамиздир.
21.10.2020