Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Она тилим – Онажоним меҳри бу!
14773
1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилинишига ва Қомусимизга алоҳида модда билан давлат тили сифатида белгиланганлигини шахсан ўзим талабалик давримда гувоҳ бўлганимни яхши таассуротлар билан эслайман.
Она тилим – Онажоним меҳри бу!

Фидойи устозларимиз ва тилимиз жонкуярларининг сермашаққат фаолиятлари туфайли тилимиз кундан-кунга равнақ топиб бормоқда.

Айниқса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг сиёсий жасорати ва жонкуярлиги туфайли она тилимиз ўз жамолини тўлақонли кўрсатиб, боқий ва ҳаётбахш қудратига эга бўла бошлади.

Ҳар йили 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами куни” арафасида Она тилимиз нуфузини ва амалий қудратини оширишга доир қатор қонун ва қонуности меъёрларининг қабул қилиниши одат тусига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча имзолаган “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ва “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари қутлуғ байрамимизга муносиб туҳфа бўлди.

Улардан энг жозибадори эса ўтган йили “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланганлиги яна дилимизда фахр ва ифтихор туйғусини уйғотгани сир эмас албатта.

Бугунги кунда шахсан Президентимизнинг раҳнамолигида фаолият юритаётган Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва вазирлик-идоралар, ҳокимликлар, хўжалик бошқарув органларида фаолият олиб бораётган маслаҳатчиларнинг тилимиз ривожи йўлида амалга ошираётган ишлари таҳсинларга сазовордир.

Байрамни нишонлаш ва унга тайёргарлик кўрилаётган даврда божхона идоралари каби бошқа вазирлик идораларда ўтказилган Она тилимизга доир маънавий маърифий тадбирлар, мақолалар ва оммавий ахборотлардаги чиқишлар қизғин тус олгани барчамизга ёқимли бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти эътирофига сазовор бўлди. Кенг омма, жамоатчилик ташкилотлари ҳамда илм-маърифат аҳлида катта қизиқиш уйғотди. Бунинг учун фидойилик кўрсатган ҳамкасбларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тилини миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш, унга нисбатан миллий ғурур ҳиссини тарбиялаш, тилимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, давлат тилига оид муаммоларни ҳал этишга ижодий ёндашувни ривожлантиришга қаратилган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида халқаро танловини ташкил қилиш жараёнида иштирок этганим умрбод ёдимда қолади.

Бугун шаҳримизнинг қадрдон ва гўзал гўшасига айланиб улгурган “Адиблар хиёбони”да юртимизда илк маротаба нишонланган “Ўзбек тили байрами куни” - қутлуғ айёмида қатнашиб, Президентимизнинг халқимизга йўллаган табриги, тилимизнинг хорижий дўстлари ва жонкуярларининг масофадан ҳамда ўзбек ўғлони тхэквондочи 2015 йилги Универсиада ғолиби, икки карра Осиё чемпиони Дмитрий Александрович Шокиннинг соф ўзбек тилидаги табригини эшитиб юрагим ҳапқириб кетди, кўзларимга қувонч ёшлари келди.

Тили ва дини бир қўшни давлат Афғонистон Ислом Республикасида ҳам 21 октябрни “Ўзбек тили байрами ” сифатланиши белгиланганлиги тилимиз мустаҳкамланишига самарали ҳисса қўшишига иймоним комил бўлди.

Тилимизга бўлган меҳримизни биринчи муаллимимиз - Оназоримизга, жонажон Ватанимизга муҳаббат ва садоқат ўрнида кўрсак, тилимиз равнақи йўлида жон куйдириб, фарзанду аржумандларимизга ўрнак бўлган ҳолда ҳолда Президентимизга қанот бўлсак, она тилимиз боқийлигини ҳамда унинг амалий мавқеини юксак даражага олиб чиқишга ҳисса қўшамиз.

Токи, ўз тилини асраб-авайлаган халқ ўзлигини асраб-авайлаган бўлади.

Яратганнинг ўзи ҳар биримизнинг Она тилимиз ривожи ва унинг равнақи йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларимзга барокот ва ажру савоблар берсин дейман.

Азиз дўстларим, касбдошлар, ватандошлар, ўзбек тилини севувчи дўстларим!

Сизларни ўзим ва кўп минг сонли божхона идоралари шахсий таркиби номидан юртимизда илк бора нишонланаётган муқаддас айём “Ўзбек тили байрами” билан яна бир бор самимий табриклайман.

Барчангизга соғлик-омонлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Жарангинг боқий ва залворли бўлсин жонажон Она тилим!

Ҳабибулла Ғаниевич Азизов

Давлат божхона қўмитаси раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,

давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

21.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг