Жумладан, маҳалладаги хонадонлардан бири прокурор санкциясига асосан холислар иштирокида ва белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, бу ерда умумий қиймати 104 млн. сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликлар ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди. Хонадон эгаси эса ушбу товарлар ўзига тегишли эмаслиги, нотаниш кимсаларнинг илтимосига биноан уйида сақлашга рухсат берганлигини таъкидлади.
Куннинг иссиғида сақлаш ва ташиш шароитларига умуман риоя қилинмаган ҳолда қуёш остида сақланаётган, сифати кафолатланмаган дори воситалари, косметика ва парфюмерия маҳсулотлари, алкоголли ичимликлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан кофе ва шоколадлар истеъмолчиларнинг соғлигига зиён етказмайди деб ким кафолат бера олади?
Шунингдек, хонадонда тозалаш воситалари, ошхона анжомлари, эркаклар ва аёллар кийим-кечаклари, оёк кийимлари, сочиқлар ва бошқа товар-моддий бойликлар ҳам сақланаётганлиги аниқланди.
Бундан ташқари хонадонда фуқаролардан бирига тегишли 1.5 кг. оғирликдаги қиймати 45 млн. сўмлик кумушдан ишланган тақинчоқлар ҳам сақланаётганлиги фош қилинди.
Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, 3 нафар фуқаролар ушбу товарларни божсиз олиб кириш меъёрларидан фойдаланиб, қўшни давлатдан кунига бир неча маротаба ўтиб қайтиб, доналаб олиб кирган ҳолда мазкур хонадонда тўплаб боришган.
Шу куни ушбу маҳалладаги яна бир хонадон амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганида, бу ерда ҳам ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган умумий қиймати салкам 8 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари яширинча сақланаётганлиги маълум бўлди.
Ачинарлиси шундаки, товарлар орасида сақлаш қоидаларига қатъий риоя этилиши талаб этиладиган салқин ичимликлар, сосиска, болалар озуқаси, сарёғ каби маҳсулотлар ҳам бор-ки, уларнинг бу зайлда истеъмолчиларга етказилиши юртдошларимизнинг соғлигини жиддий хавф остига қўйиши мумкин эди.
Бундан ташқари бу ерда олма сиркаси, хамиртуруш, алкоголли ичимликлар, кунгабоқар пистаси, парфюмерия ва тозалаш воситалари ҳам қонунга хилоф равишда сақланаётганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
11.09.2018