Амалдаги тартибларга кўра, жисмоний шахсларга 2 литргача алкоголли ичимликларни божсиз олиб киришга рухсат этилади. Аммо, куни кеча “Фарғона” чегара божхона постида аниқланган божхона қоидабузарлигида жисмоний шахслар бу меъёрдан бир неча баробар кўп бўлган алкоголли ичимликларни олиб киришга уринишган. Демак, бундан кўзланган мақсад шахсий истеъмол эмас, аксинча тижорат деб хулоса қилиш мумкин.
Мазкур пост орқали қўшни давлатдан кириб келаётган фуқаро А.Х. бошқарувида бўлган “Нексия” ва фуқаро М.У. бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашиналар божхона назоратида ўтказилганида, ҳар иккала автомобил салонидаги ўриндиқлар остига ва багажига кўз илғамайдиган тарзда целофан пакетларга қадоқланган алкоголли ичимликлар яширилганлиги аниқланди.
Йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, қонунбузарлар шу зайлда қиймати 400 минг сўмлик 40 литр ҳажмдаги “Пир” номли ароқларни олиб киришга уринишган пайтда тўхтатиб қолинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, вилоят божхоначилари муқаддам ҳам шу турдаги алкоголли ичимликларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйишган эди.
Шу ўринда юртдошларимиздан божхона қоидабузарликлари ёки божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Фарғона вилояти божхона бошқармасининг (373) 244-67-31 - “Ишонч телефони” рақамига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Ш.Мирзаев,
Фарғона вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
11.09.2018