Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Интеллектуал мулк масалалари муҳокама қилинди
4372

Интелектуал мулк масаласини давлат сиёсати даражасига кўтармас эканмиз, Ўзбекистон бундан 10 йил кейин ҳам рақаботбардош бўла олмайди.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти.

Интеллектуал  мулк   масалалари  муҳокама  қилинди

2020 йил 20 октябрь куни Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида “Божхона органлари томонидан интеллектуал мулк хуқуқларини ҳимоя қилиш ва  контрафактга  қарши курашиш” мавзусига бағишланган онлайн  давра суҳбати  бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги, Тошкент давлат юридик университетининг олимлари ва  Давлат божхона қўмитасининг соҳавий бошқармаларининг етакчи мутахассислари, Оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Божхона институтининг профессор-ўқитувчилари, иқтидорли курсант ва магистратура тингловчилари иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  жорий йилнинг 12 октябрь куни Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди. Йиғилишда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириб, интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтириш, ҳар бир идора ва тармоққа илмий ютуқларни олиб кириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари маҳаллий товар белгиларини халқаро рўйхатдан ўтказиш масаласига ҳам эътибор қаратди. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон саноатининг бор-йўғи 72 та товар белгиси халқаро рўйхатдан ўтказилгани, лекин бу жуда камлиги таъкидланди. Ўтган йили 400 га яқин ихтиро, 110 та фойдали модел, 170 та саноат намунаси, 36 та селекция ютуғи рўйхатга олинган бўлса-да, атиги 43 та илмий ишланма тижоратлаштирилган холос. Шу боис бундай илмий ютуқларнинг «электрон ярмаркаси»ни ташкил этиш лозимлиги таъкидланди», «Аслида эса имкониятлар талайгина. Масалан, Чуст пичоғи, Самарқанд нони, Марғилон адраси, Шеробод анори, Олтиариқ ва Паркент узуми, Хоразм қовуни,  Сурхондарё хурмоси каби машҳур брендларни ҳудудий мансублиги бўйича рўйхатдан ўтказиб, халқаро бозорда фаол тарғиб қилиш мумкин.

Жаҳон бозорига чиқаётган маҳсулотларимизда Ўзбекистон овози жаранглаши керак, бренди бўлсагина маҳсулотларимиз ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллай олади, - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Соҳавий идоралар ва ҳудуд раҳбарлари интеллектуал мулк масаласига эътиборсиз бўлганлиги, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириб, интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтириш, ҳар бир идора ва тармоқ тармоққа илмий ютуқларни олиб кириш масалаларига жиддий эътибор қаратиш лозимлиги,  Адлия вазирлиги ва Интеллектуал мулк агентлигига барча идоралар ва ҳудудлар, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот муассасалари билан кенг муҳокама қилиб, соҳани ривожлантиришга қаратилган уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб  берилди.

Давлатимиз раҳбарининг маърузаларидан келиб чиқиб, божхона органларида ҳам  бу соҳада олиб борилаётган вазифаларни янада тизимли такомиллаштириш  талаб этилади.

Божхона институтида ўтказилган давра суҳбатининг мақсади ҳам  мазкур йиғилишда белгилаб берилган вазифаларни соҳавий вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ижросини таъминлаш,  устувор йўналишларни белгилаш, Бутунжахон интелектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликни янада такомиллаштириш ва бу борада божхона органлари олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб олишдан иборат.

Давра суҳбатида  Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Божхона институти бошлиғининг биринчи ўринбосари Жамшид Қодиров,  Ўзбекистон  Республикаси  Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги Интеллектуал мулк хуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш бўлими етакчи мутахассиси Сардор Рахмонов, Тошкент Давлат юридик университети Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси Абдумўмин Юлдашов,  Давлат божхона қўмитаси Юридик бошқармаси бошлиғи ўринбосари  Бегзод Рузиев, Давлат божхона қўмитаси Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Отабек Хасанов, Божхона институти Божхона экспертизаси ва товарларни таснифлаш кафедраси бошлиғи, профессор Қурбонқул Каримқуловлар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Маърузачилар томонидан таъкидланганидек, дунёнинг барча ривожланган ва ривожланаётган давлатлари қатори Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиётига ва аҳолининг саломатлигига жиддий хавф солиши мумкин бўлган асосий омиллардан бири – бу мамлакатга ноқонуний йўллар билан сифатсиз, контрафакт  товар-моддий бойликларини олиб кирилишидир. Мамлакатимизга товарларнинг ноқонуний оқимини чеклаш, ички истеъмол бозори, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатлари ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, жаҳон стандартларига жавоб берадиган рақобатбардош товарлар ишлаб чиқаришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Масалан, қўлбола спиртли ароқ ва  мевали турли хил салқин ичимликлар, дори-дармонлар, болалар ўйинчоғи, кийим-кечаклар, турли хил озиқ-овқат маҳсулотлари ички ва ташқи бозорларда кўпайиб кетмоқда. Нуфузли товар ишлаб чиқарувчиларнинг брендларини сохталаштириб фойдаланмоқдалар. Хусусан, маҳсулотларни паст нархларда импорт қилишга интилаётган айрим ташқи иқтисодий фаолият  қатнашчилари,  божхона органларига қалбаки,  келиб чиқиш мамлакатига оид сохта ҳужжатларни тақдим этишлари мумкин. Бунда товарнинг ташқи кўриниши, асл кўринишидан унчалик фарқ қилмайдиган контрафакт товарлар ҳам учрайди.  Мазкур ҳолатлар юзасидан эса қўшимча экспертиза ўтказилиши зарур.  Шу боис ҳам, мазкур йўналишдаги ишларга жиддий эътибор қаратган ҳолда,   бу борада чора тадбирлар ишлаб чиқиш, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамда Бутужаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ўзаро ҳамкорликни янада такомиллаштириш   талаб этилади.

Тадбир давомида маърузачилар томонидан мамлакатда Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда контрафакт товарларни муомаласига қарши курашишнинг долзарб масалалари юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Қурбонқул  КАРИМҚУЛОВ,

Божхона институти  кафедра мудири,  профессор

20.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг