...Она тилим – юрак қатимдан
Меҳр бўлиб сочилган жаранг.
Қулоғимга гўдак пайтимдан
Алла бўлиб сингиган оҳанг…
Ҳар бир миллат ёки элатнинг тарихига назар солар экансиз, ўзингиз истар-истамас, энг аввало, унинг номи сиз яшаётган даврдаги одамлар талаффузида қандай жаранглаши, унинг асл маъносига, этногенезининг аслида қайси тилдан олинганлигига баҳо беришни бошлайсиз.
Албатта бунда сизга ушбу миллатнинг тили асосий восита бўлиб хизмат қилади. Чунки тил мажозий маънода миллатнинг қиёфасини гавдалантиради.
Сўнги маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунё миқиёсида бизга маълум бўлган, тил сифатида тан олинган ва ўрганилаётган жами 6809 та тил мавжуд бўлиб, шундан бор-йўғи 250 тасидагина одамлар сўзлашар экан. Қолгани эса “ўлик тил” сифатида қаралиб, асосан бадиий ва илмий адабиётларда фойдаланилар, жуда кам ҳолатларда кунлик лексикамизда уларни қўллар эканмиз.
Юқорида келтирилган 250 та тил қаторида ҳар биримиз учун азиз бўлган инсонимиз – “Она” номи билан биргаликда қўллайдиган Она тилимиз – Ўзбек тилининг яшаб келаётганлиги ҳар бир ўзбекка ғурур ва ифтихор туйғусини бағишлайди. Чунки миллат ёки халқ феъл-атворини, яъни характерини аслида урф-одатлар ёки анъаналар эмас, балки ўша халқнинг кундалик ҳаётида сўзлашадиган тили, у фойдаланадиган сўз ва иборалари ифодалайди.
Бугунги кунда ер юзида давлатнинг ўз расмий давлат тили бор. Аксарият ҳолатларда давлат тили миллат тилидан фарқ қилади. Албатта, бунда давлатларнинг геосиёсий харитада жойлашган ҳудуди, уларнинг тарихи ва иқтисодий тизими ўз таъсирини кўрсатганлигини кўриш мумкин бўлади.
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси янги дунё тарихида 1991 йил мустақил давлат этиб тан олинган, бироқ, бизнинг она тилимиз – ўзбек тили 1989 йилда, давлат тили деб тан олинганлиги, миллатимизнинг ўша давр учун ўзлигига нисбатан содиқлигининг исботидир.
Аслини олганда, ўзбек тили кеча ё бугун давлат тили сифатида тан олинмаган. Буни биз “Ўзбек давлатчилиги” тарихини ўрганишда келтирилган тарихий қайдларда ҳам кўришимиз мумкин бўлади.
Ўзбек тили худди бир улкан ғазнага ўхшайди гўё. У қайсидир маънода ҳам диний, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий ҳужумларга учрайди. Фақат, ўзбек тили ғазнаси моддий ғазнадан фарқли равишда бу ҳужумлардан сайқалланиб, бойиб боради.
Бугунги кунда ўзбек тилига кўрсатилаётган эътибор, ўсиб келаётган авлоднинг ўзбек маорифида тўғри ва тўлиқ билим олиши, ўзбек мумтоз адабиётининг А.Навоий, Атоий, Бобур, Паҳлавон Махмуд, Машраб, Увайсий ва Нодирабегим каби ҳамда А.Орипов, П.Қодиров, Х.Алимжон, Зулфия, Т.Содиқова каби замонавий ўзбек адабиёти намоёндаларининг туғилиши учун, шунингдек, халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тилини тарғиб қилиш ҳамда ўзбек тилшунослиги соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 21 октябрдаги ПФ-5850-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 мартдаги 139-сонли “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг 2020 — 2022 йилларда ўзбек тили ва адабиётига доир фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга ошириш
чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорида белгиланган вазифалар айнан мана шу мақсадларга қаратилган.
Мамлакатимизда қабул қилинаётган ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатларнинг ўзбек тилида ишлаб чиқилаётганлиги, аҳолининг ўз она тилида ҳуқуқ ва эркинликларининг эътироф этилиши давлат хизмати органлари фаолияти шаффофлигини таъминловчи мезонлардан биридир.
Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, Давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳам сўнги пайтларда кўплаб меъёрий ҳужжатлар ўзбек тилида ишлаб чилмоқда. Бу эса ўз ўрнида ҳам ички, ҳам ташқи иқтисодий фаолият жараёнида кўплаб ноаниқлик ва тушунмовчиликларнинг олдини олади.
Бежиз халқимиз “Тилга эътибор – элга эътибор.” – деб айтмайди. Бугунги кунда чет тилини ўзлаштираётган айрим ёшларимизнинг она тилимизда мавжуд бўлган ўзбек луғавий сўзлари ўрнида қўштирноқ ичидаги “замонавий сўз”ларни қўллашлари, айрим ҳолларда оддий ўзбек ибораларини тушунмасликлари ҳолатлари ҳам учраб турибти.
Эртанги кунимизда миллий қадриятларимизнинг сақланишини ҳамда урф-одатларимизнинг боқийлигини таъминлаш ва мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишимиз учун ҳам, бизга она тилимизнинг ривожи, тарғиботи зарурдир. Зеро, қулоғига алла садоси билан кирган ўзбек тилини асраш – ҳар бир ўзбек миллати вакили учун муқаддас бурч саналади.
Дилдора Аширкулова,
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси
“Бош почтамт” ТИФ божхона
пости инспектори
19.10.2020