Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Навоий” ЭИЗ қатнашчилари билан учрашув бўлиб ўтди
1251
Навоий вилояти деганда кўз олдимизда ер ости ва ер усти бойликлари, улкан иқтисодий салоҳияти билан мамлакатимизда алоҳида ўринга эга бўлган ҳудуд гавдаланади. Шу боисдан бўлса керак Навоийни Ўзбекистоннинг олтин сандиғи деб ҳам аташади. Вилоятда кончилик, металлургия, кимё, энергетика, қурилиш материаллари саноати изчил ривожланган. Бугун вилоятда йирик саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Аввалдан мавжуд ресурсларга таяниб қолмай янги инновацион лойиҳалар устида ишлаб, истеъмолчи учун зарур, хамёнбоп ва жахон бозорида рақобатлаша оладиган товарларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, қулай инвестицион муҳит яратиш ва бу орқали янги ишчи ўринларни яратиш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бундай чора-тадбирларни муваққиятли амалга ошириш учун божхона тартиб таомилларини имкон қадар соддалаштириш ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини соҳадаги ҳуқуқий билимларини мунтазам ошириб бориш, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган янги қонун хужжатлари билан ўз вақтида хабардор қилиб бориш зарур.

Ҳозирги кунда эса бу борада Давлат божхона қўмитаси ва унинг худудий бошқармалари томонидан “Божхоначи-тадбиркор таянчи” деган ғоя остида иш олиб борилиб, ижобий натижаларга эришилмоқда. Куни кеча “Навоий” ЭИЗ дирекциясида тадбиркорлар ва ТИФ қатнашчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида ташкил этилган учрашув ҳам фикримизнинг яққол далили.

Қайд этиш лозимки, “Навоий” ЭИЗ мамлакатимиз ҳудудида ташкил этилган биринчи эркин иқтисодий зона бўлиб, унинг умумий майдони
564 гектарга тенг. Бугунги кунга қадар мазкур ҳудудда 78 та тадбиркорлик субъектлари томонидан 42 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган бўлса,
53 та лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда.

Ушбу лойиҳалар тўлиқ ишга туширилиши натижасида умумий ўзлаштирилган хорижий инвестиция миқдори 85 млн. АҚШ долларига етиб, 5100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Мазкур эркин иқтисодий зонада ўтказилган учрашувда Навоий вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Чориев ва бошқарманинг тегишли бўлим бошлиқлари, шунингдек, ЭИЗ иштирокчиси ҳисобланган ташкилот мутасаддилари ва мазкур ташкилотларнинг божхона расмийлаштируви билан шуғулланувчи ходимлари иштирок этишди.

Учрашув давомида божхона ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди. Шунингдек, қонунчиликдаги ўзгаришлар ва қўшимчалар тўғрисида маълумотлар берилди.

Учрашув сўнгида бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Чориев тадбиркорларга божхона органлари фаолияти билан боғлиқ муаммолар ёки саволлар юзасидан 11-08 қисқа рақамли ишонч телефонига куннинг исталган вақтида мурожат қилишлари мумкинлигини, божхона ходимлари тадбиркорлардан ўзининг маслаҳати ва амалий кўмагини аямаслиги яна бир бор эслатиб ўтилди.

Тадбирдан сўнг божхона ходимлари жойларга борган ҳолда тадбиркорларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш, ишлаб чиқариш жараёнини кузатиш мақсадида завод ва фабрикаларга ташриф буюришди.

19.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг