1989 йил 21 октябрь. “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлган она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Зеро она тилимиз миллий ўзлигимиздир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётир.
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз бир йиллиги ҳамда “Ўзбек тили байрами” кунини нишонлаш қизғин паллага кирмоқда. Бунинг исботини Навоий вилояти божхона бошқармаси шахсий таркиби ташаббуси билан ташкил этилган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остидаги байрам тадбири мисолида кўришимиз мумкин.
Байрамнинг асосий тадбирлари она тилимизнинг буюклиги, жозибадорлиги, бойлиги, бетакрорлиги ва ўзига хос фазилатлари акс этган ўзбек адабиётининг буюк мутафаккир шоирлари, адиблари ва ёзувчиларининг сара асарлари жой олган китобларнинг кўргазмали савдо ярмаркаси билан бошланди. Унда вилоят божхона бошқармасининг барча шахсий таркиби, таълим муассасаси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, вилоят “Маънавият ва маърифат” бўлими ходимлари ва ёшлар иштирок этди.
Навоий шаҳрида жойлашган “Болалар мусиқа ва санъат мактаби”нинг Театр-концерт залида бўлиб ўтган тадбирда иштирок этган Навоий вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б.Қутлимуратов, бугунги кунда она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини, буюк тарихга эга она тилимизга мустақил юртимизнинг давлат тили мақоми берилгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлаётганини ҳамда давлат тилида иш юритиш ва унинг ўзига хос фазилатларини сақлаб қолиш бўйича Давлат божхона қўмитаси тизимида ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади ва барчани байрам билан табриклади.
Шундан сўнг тадбирда “Болалар мусиқа ва санъат мактаби” ёшлари ва вилоятнинг иқтидорли санъаткорлари томонидан она тилимизнинг жозибадорлигини тараннум этувчи энг сара шеърлар, ғазаллардан намуналар ўқилди ҳамда улар асосида яралган мумтоз куй-қўшиқлар ижро этилди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар тил бор экан миллат барҳаёт, тил бор экан юртнинг истиқболи нурли ва чароғон бўлишини таъкидлашди. Ўзбек тилининг тарихи, унинг ривожи ҳамда миллий адабиётимиз равнақига ҳисса қўшган буюк алломалар ҳақида сўз юритилди ҳамда божхона ходимлари томонидан ёшлар қалбида она тилимизга муҳаббат, миллий ва жаҳон адабиётини теран нигоҳ билан ўқишга қизиқиш уйғотиш, китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида ёш авлод вакилларига эсдалик учун китоблар совға қилинди.
Ўзбек тили байрамига бағишланган адабий-маърифий тадбир барча иштирокчиларда ижобий таассурот қолдирди ҳамда байрамона қўшиқлар билан ниҳоясига етди.
Навоий вилояти божхона
бошқармаси Ахборот хизмати
19.10.2020