Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Юртимизнинг қуритилган помидорлари Франция ва Италия бозорларида
1702
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида 243,8 миллион АҚШ доллари қийматидаги товарлар экспорти амалга оширилди.

Кимё саноат, фармацевтика маҳсулотлари билан бир қаторда республика ҳудудида етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳам бугун ҳудуднинг экспорт салоҳиятида барқарор ўринга эга соҳалардан саналади.

Хусусан, йил бошидан 7 миллион АҚШ доллари қийматидаги 14 512 тонна мева-сабзавот маҳсулотлари асосан Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Ироқ давлатларига экспорт қилинган. Жорий йил мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ўткан йилга солиштирганда қарийб 2 баробарга ортган.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириб, уларга тегишли ишлов бериб, жаҳон бозорларига экспорт қилиш пировардида маҳаллий аҳолини иш ўринлари билан таъминлаётган тадбиркорлик субъектлари фаолияти яқиндан ўрганилиб, уларга божхона расмийлаштируви ва назорати бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Серқуёш заминимиз, сермаҳсул тупроғимизда етиштирилган помидор маҳсулотларини табиий шароитда қуритиб,  экспорт қилаётган Нукус туманидаги “Biogumus Farm” фермер хўжалиги мамлакатимиз экспорт салоҳиятида камхарж янги йўналишни очиб берди.

Мазкур фермер хўжалигига тегишли Нукус туманидаги 30 гектар ерга қадалган помидорнинг махсус навидан олинган ҳосил ўзига хос ширин таъм ва чиройли тузилишга эга.

Франция давлатидан келтирилган махсус уруғдан алоҳида парвариш йўли билан ўстириладиган помидорни тузлаб, табиий шароитда қуёш нури остида қуритиш кўп ҳарж талаб қилмайди  – дейди “Biogumus” фермер хўжалиги иш юритувчиси Шерзод Ниязимбетов, – Табиий шароитда қуритилган помидор маҳсулотига Франция, Италия бозорларида талаб ортиб бормоқда. Ўтган йил 36 тонна қуритилган помидор маҳсулотини экспорт қилган бўлсак, бу йил ҳосилни 2 баравар ортиқ олганмиз, экспортни ҳам 72 тоннага етказиш ниятидамиз”.

Март ойидан табиий дала шароитида иш бошлаб, июль-август ойларида ҳосилни териб оладиган мазкур фермер хўжалиги мавсум давомида 180-200 гача асосий қисми аёл-қизлардан иборат маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаб келмоқда.

Таъкидлаш жоизки, қуритилган помидор Европа халқларининг кундалик овқатланиш рационига киритилган маҳсулотлардан саналиб, уни қовуриб, ёки пицца ва бошқа овқатларга қўшимча компонент сифатида ишлатиш мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари “Biogumus” фермер хўжалигида бўлиб, 18 тонна вазндаги қуритилган помидор маҳсулотининг Франция давлатига экспорт қилинишида амалий ёрдам кўрсатишди. Божхона расмийлаштируви электрон тарзда, назорати эса шу жойнинг ўзида қисқа фурсатларда амалга оширилди.

 

19.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг