Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилини давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850 сонли Фармонида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ташкил этилди.
Марказда махсус ўқув дастури асосида тингловчиларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси, ўзбек адабий тили меъёрлари ҳамда давлат тилида иш юритиш бўйича билим, кўникма ва малакаларини такомиллаштириш йўлга қўйилган бўлиб, у ерда давлат ташкилотлари ходимлари ташкилий, фармойиш, маълумот-ахборот ҳужжатлари, хизмат ва дипломатик ёзишмаларни ўрганади.
Маълумки, иш юритишнинг самараси масъул ходимларнинг малакаси ва тажрибасига ҳар томонлама боғлиқдир. Тегишли ҳужжатларни тайёрлашда уларнинг ҳуқуқий-меъёрий жиҳатларини билиш ва ижро интизомига қатъий риоя қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ҳужжатларининг пухта бўлиши учун барча соҳаларда иш кўраётган масъул ходимларнинг ҳуқуқшунослик ва она тилидан муайян билим ҳамда малакаларга эга бўлиши талаб этилади.
Шу сабабли, божхона органларида ҳам ушбу масалага жиддий эътибор қаратилмоқда ва доимий равишда ходимларнинг малака ошириш ишлари йўлга қўйилган бўлиб, давлат тилида иш юритиш, унинг мавқеини янада ошириш асосий вазифалардан бири этиб белгиланган.
Жавохир Халматов
“Тошкент-АЭРО” Ихтисослаштирилган божхона комплекси,
Ташкилий назорат ва тахлил бўлими бошлиғи
16.10.2020