Семинарда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ-419-сон Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сон Фармонлари мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан биридир. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш, қонунга хилоф пул маблағларини қўлга киритиш тушунилади.
Эътиборлиси шундаки, мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Фармони билан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурини изчил рўёбга чиқариш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиб, вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланди.
Тадбирда кун тартибидаги масала юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга тегишли мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
15.10.2020