Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона органлари учун салоҳиятли кадрларни тайёрлашнинг истиқболларига бағишланган онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди
4682
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Божхона органлари учун салоҳиятли кадрларни тайёрлашни истиқболлари” мавзусида онлайн давра суҳбати ташкил этилди.
Божхона органлари учун салоҳиятли кадрларни тайёрлашнинг истиқболларига бағишланган онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди

Давра суҳбатида божхона органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ушбу соҳа кадрларини тайёрлаш тизимини самарали ташкил этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан Давлат божхона қўмитаси Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи И.Мухторов ҳамда Божхона институти бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Қодировнинг маърузалари тингланди.

Таъкидланганидек, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида божхона органлари фаолиятини тубдан ўзгартириш ва бунинг натижасида фуқаро ва тадбиркорларга янада кўпроқ қулайликлар яратиш, республикамизнинг жаҳон иқтисодиёти билан интеграция қилиш жараёнига  кўмаклашиш, қолаверса давлатимиз ва халқимизнинг божхоначи деган шарафли касб соҳибларига бўлган ҳурмат-эътиборини оширишга қаратилган жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда.

Бу айниқса соҳага илғор ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишда ўзининг яққол ифодасини топмоқда. “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да рақамли иқтисодиётнинг ажралмас бўлаги сифатида “рақамли божхона” тамойилини жорий қилш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Жумладан,  соҳага тадбиқ қилинган “Хавфни бошқариш” ва “Ягона дарча” божхона автоматлаштирилган ахборот тизимлари кўмагида товарларни божхона расмийлаштируви учун вақт бир неча баробарга қисқарди ва энг асосийси инсон омилининг иштироки минималлаштирилди. Жорий йил якунида мазкур тизимлар қаторида “Божхона аудити” ахборот тизими ҳам жорий этилади.

“Рақамли божхона” тамойили асосида олиб борилган ишлар натижасида бугунги кунда божхона органлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг 83 % фоизи интерактив, яъни ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб кўрсатилмоқда.

Табиийки, мазкур натижаларга эришиш, вазифаларни тўлақонли ва сифатли бажариш тўғридан-тўғри кадрларнинг салоҳиятига яъни, билимли ва малакали ходимларга боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3995-сон қарори билан қайта ташкил этилган Божхона институти божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-методик муассаса этиб белгиланди.

Институтда 2 та - Божхона иши ҳамда Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультетлари, 10 та кафедра ва 2 та марказ ташкил этилди.

Институтда божхона иши соҳасидаги халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда икки босқичли “Божхона иши” ва “Юриспруденция (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш)” таълим йўналишлари бўйича бакалаврлар ҳамда “Божхона иши (фаолият турлари бўйича)” ва “Солиқ ва божхона ҳуқуқи” мутахассисликлари бўйича 1 йиллик магистрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилган.

Мутахассислик фанлари салмоғини ошириш ҳисобига амалиётга йўналтирилган ўқув жараёни (3 йил назарий таълим ва 1 йил стажировка) шакллантирилди.

Институт тузилмасида касбий кўникмаларга эришиш самарадорлигини оширишга кўмаклашувчи Ахборот технологиялари ва моделлаштириш маркази, Тил ва психологик ривожлантириш маркази, Божхона назоратининг техник воситалари ўқув лабораторияси каби янги тузилмалар ташкил этилди ҳамда мавжуд кафедралар оптималлаштирилди.

Мавжуд гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар блокини бирлаштириш ҳисобидан ўқув режадаги фанлар блоклари: 5 тадан 4 тага камайтирилди, жами фанлар сони эса 49 тадан 34 тага камайди.

Айни вақтда интситутнинг бакалавриат босқичида 552 нафар курсант ва магистратураси босқичида 15 нафар тингловчи таҳсил олмоқда.

Институт илмий салоҳияти 34% ташкил этиб, илмий даражага эга ходимлар 24 нафарни ташкил этади. “Ўзбекистон божхона ахборотномаси” илмий журнали таъсис этилди ва 3 та сони нашр қилинди.

Замонавий назорат техника воситалари ва дастурий таъминот билан жиҳозланган “Наркотик моддалари назорати”, “Эспорт назорати” ва “Рентгент ускунлари тасвирларини таҳлил қилиш” ўқув-симулация комплекслари яратилди.

Таълим сифатини ошириш мақсадида халқаро ҳамкорлик алоқалари кучайтирилмоқда. 2019 йилда институт Божхона университетлари халқаро тармоғи (INCU) аъзоси бўлди, Россия божхона академияси билан 5 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси имзоланди.

Институтда “Электрон таълим” масофавий ўқитиш тизими йўлга қўйилиб, пандемия сабабли жорий этилган карантин қоидаларига асосан институт курсантларининг ўқитиш ҳамда божхона ходимларини малакасини ошириш жараёни мазкур тизим орқали масофавий тарзда амалга оширилди.

Ўтган давр мобайнида институтда 1789 нафар кадрлар тайёрланди ва “лейтенант” махсус унвони билан божхона хизматига тақсимланди. Бугунги кунда тизимда хизмат қилаётган кадрларнинг 34%ни институт битирувчилари ташкил этади.

Давлат божхона хизмати ходимларининг ҳар икки йилда малака ошириши белгиланганлиги боис, бу борадаги ишларга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. 2019 ўқув йилида 917 нафар ходим ўқитилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 661 нафар ходим ўқитилди (шундан 381 нафари масофавий тарзда).

Келгусида эса нститутнинг “Божхона иши” таълим йўналишини Жаҳон божхона ташкилотининг PICARD профессионал стандартлари бўйича аккредитациядан ўтказиш ва институтни Марказий Осиё мамлакатлари учун божхона соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича етакчи ўқув ва илмий-методик марказ – “хаб”га айлантириш устида ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, институтда олий таълимдан кейинги таълимни (таянч докторантура ва докторантура) ташкил этиш, институт ҳузурида докторлик диссертацияларни ҳимоя қилиш бўйича Илмий кенгашлар фаолиятини йўлга қўйиш ҳам истиқболдаги режалар сирасига киради.

Бундан ташқари бакалавриатура босқичи “Божхона иши” таълим йўналиши доирасида соҳавий ихтисослашувни чуқурлаштириш – божхонада ахборот технологиялари, божхонада хавфни бошқариш тизими, божхона маъмурчилиги, божхона аудити, божхона логистикаси, иқтисодий хавфсизлик йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам ўрганиб чиқилмоқда.

Давра суҳбатида мазкур мавзу юзасидан саволларга атрофлича жавоблар берилди, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

15.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг