Жамиятда адолат ва қонун устуворлигини олий даражага кўтаришда энг аввало – коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш ва унга нисбатан муросасиз муносабат шаклланиши зарур.
Бу борада, Давлат божхона қўмитаси Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида ходимлар томонидан коррупция ва бошқа содир этилиши мумкин бўлган ҳар қандай қонунбузилиши ҳолатларнинг барча кўринишларига барҳам бериш, ходимлар ўртасида соғлом ишчанлик муҳитини шакллантириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, бошқарма шахсий таркибини хизмат ва ижро интизомига риоя қилиши, улар томонидан коррупция, тамагирлик, порахўрлик, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни олдини олиш мақсадида, ходимлар иштирокида 33 марта умумий-профилактика ва 11 нафар ходим билан якка тартибда тарбиявий-профилактика суҳбатлари ўтказилди.
Мазкур йўналишда ходимларнинг оила-аъзолари билан ҳам яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиш ҳамда бартараф этиш бўйича бошқарманинг Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик, Кадрлар бўлими, бошқарманинг бошланғич Касаба уюшма ташкилоти етакчилари иштирокида ўтган давр мобайнида 2 маротаба жами 87 нафар ходимларнинг оила-аъзолари билан яшаш хонадонларида учрашувлар ўтказилди.
Бу каби учрашувлардан асосий мақсад – ходимлар томонидан хизмат вазифаларини бажариш жараёнида мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни содир этилишини олдини олиш, ходимнинг хизмат жойи билан оиласи ўртасидаги ҳамкорлик қилиш орқали маълумот алмашинув тизимини йўлга қўйишдан иборат.
Учрашувлар жараёнида Ватан манфаатларини ҳимоя қилишга қодир, алоҳида намуна кўрсатаётган 2 нафар ёш ходим Урганч шаҳрида қад кўтарган янги шинам, барча қулайликларга эга бўлган узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида берилган кўп қаватли янги уй-жойларга эга бўлди.
Шунингдек, ходимлар фаолиятида коррупцияни олдини олиш самарадорлигини мониторинг қилиш, вилоят ҳудудида фаолият олиб бораётган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳамда фуқаролар ўртасида божхона органларида коррупция, тамагирлик мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби ҳолатларни мавжудлигини ўрганиш мақсадида 2 маратоба аноним сўровнома ўтказилди. Сўровномалар натижасига кўра ходимлар томонидан коррупцион ҳаракатлар содир этилганлиги ҳолатлари юзасидан маълумотлар олинмади.
Шу билан бирга, аҳоли, хусусан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида, бошқарманинг соҳавий бўлим ходимлари иштирокида вилоят ҳудудида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан 76 маротаба улар фаолият олиб бораётган корхона ва ташкилотларда учрашувлар ўтказилди.
Хулоса қилиб айтганда, коррупция — жамият тараққиёти учун жуда хавфли жиноят, давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, мамлакатнинг барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиётига хавф солади.
Зеро, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик, жиноятнинг содир этилишига, уларнинг кўпайишига ва барҳам берилмаслигига ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан, бу жирканч иллатга қарши курашиш йўлида бир мақсад сари бирлашиб ҳаракат қилишимиз, давлатимиз тақдирига бефарқ қарамаслигимиз ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг барҳам топишига хизмат қилади.
14.10.2020