Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида
3050
Хўжанд шаҳридаги “Қасри варзиш” спорт саройида самарқандлик тадбиркорлар маҳсулотлар кўргазмасини намойиш этди.
Иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида

Кўргазманинг очилишида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода сўзга чиқиб, ўзбек ва тожик халқлари ўртасида ҳамкорликнинг қайта тиклангани ҳамда бунинг натижасида вилоятлараро маданий-маърифий, иқтисодий алоқаларнинг йўлга қўйилганини мамнуният билан таъкидлашди.

Самарқандда шу йилнинг апрель ойида икки вилоят ишбилармонлари ўртасида ўтказилган бизнес-форум доирасида 107 миллион долларлик 142 шартнома ҳамда 27 меморандум имзоланган эди. Ҳар куни “Жартепа” чегара божхона постидан ўртача 2000-2200 нафардан зиёд фуқаролар ўтиб-қайтмоқда. Фуқароларнинг божхона назоратидан ўтишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Суғдда ўтказилган ярмаркада икки вилоят тадбиркорлари 55 млн долларлик 35 та шартнома имзолашди.

Кўргазмани айланар эканмиз, икки давлат ишбилармонларининг ўзаро мулоқотига, ўтган сафарги кўргазмадан кейин амалга оширилган ишларга назар ташлаб, ҳамкорликда режа тузаётганига гувоҳ бўлдик.

- Жинси матосидан қарийб 20 турдаги либослар тикамиз, - дейди Суғддаги “CATH” корхонаси бўлим бошлиғи А.Акмалов. – 99 фоиз маҳсулот хорижга экспорт қилинади. Самарқандда ўтказилган кўргазмада ҳам қатнашиб, бизнинг йўналишда иш олиб борадиган “Afrosiyob Jeans” корхонаси фаолияти билан яқиндан танишган эдик. Уларга жинси матоларини сотиш бўйича ўз таклифларимизни билдирдик.

- Ҳамкорлик муносабатлари яхшиланганидан сўнг Суғддаги дўконларда Ўзбекистон, хусусан Самарқандда ишлаб чиқарилган озиқ-овқатлар, масалан, пишлоқ ва колбасалар пайдо бўлди, - дейди Хўжандда истиқомат қилувчи уй бекаси Санобар Ҳакимова. - Уларни кўпчилик севиб истеъмол қиляпти.

- Кўргазмадаги ҳар бир маҳсулот ўзига хос, айниқса, гиламларнинг сифати ва нақшларига мафтун бўлдим, - дейди Хўжанддаги Чорчироқ маҳалласи фаоли Гавҳар Абдуллаева.

Албатта, ҳар икки давлат ишбилармонлари ўзаро манфаатдор бўлишса, бу эса халқларимиз иқтисодиёти янада гуллаб-яшнашига хизмат қилади. Бу йўлда тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлашда божхоначилар ҳам доим хизматга шайдирлар.

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати  

11.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг