Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон Фармони эса бу борадаги ишларнинг узвий давоми бўлиб хизмат қилади.
Рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш бугуни куннинг энг муҳим талабларидан бири ҳисобланади.
Божхона маъмуриятчилигини соддалаштириш ва енгиллаштириш мақсадида биргина 2020 йилнинг ўтган 9 ойи давомида божхона органлари амалиётига 4 та ахборот тизими, 9 та интерактив хизмат жорий этилди. Натижада, ҳозирда фаолият кўрсатаётган ахборот тизимлари сони 56 тага, электрон хизматлар сони 26 тага етди.
“Рақамли Ўзбекистон-2030 стратегияси эса «қоғозсиз ва электрон божхона»нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган «рақамли божхона»ни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди.
Хўш, “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида божхона соҳасида айнан қандай чора-тадбирлар амалга оширилиши назарда тутилмоқда?
Ангор, Боёвут ва Ховос туманларида «Экспорт ва импорт ҳажмлари мониторинги» ахборот тизими маълумотлар базалари билан туман даражасида интеграция қилинади ва ишга тушрилади.
«Хавфларни бошқариш» автоматлаштирилган ахборот тизими жорий йилда автомобиль чегара божхона постларида, келгусида темир йўл ва авиа чегара божхона постларида жорий этилади.
Юкни етказиб беришни назорат қилиш китобчасини транзит божхона юк декларацияси билан алмаштириш амалиётини жорий этишни назарда тутувчи «Е-транзит» ахборот тизими ишлаб чиқилади ва жорий этилади.
2021 йилнинг декабрь ойига қадар хавф даражаси паст бўлган (яшил йўлак) божхона юк декларациясини автоматик равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тизимини босқичма-босқич амалиётга киритишни назарда тутувчи «Автоматлаштирилган тарзда чиқариб юбориш» ахборот тизими ишлаб чиқилади ва жорий этилади.
Мобил иловалар орқали божхона кўриги далолатномасини расмийлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу буйича тизим 2021 йилнинг апрель ойидаёқ ишга туширилиши назарда тутилган.
Келгуси йилда «Транспорт воситаларини сканер қилиш натижаларини электрон қайд этиш» автоматлаштирилган ахборот тизими ҳам такомилаштирилади, жумладан сканердан ўтказилган транспорт воситалари расмларини марказлаштирилган тартибда йиғиш ва таҳлил қилиш ҳамда уларни божхона юк декларацияларига боғлаш ишлари амалга оширилади.
2021 йилнинг сентябр ойидан жорий этилиши назарда тутилган «Товарлар ва транспорт воситаларини чиқариш вақтини тадқиқот қилиш» ахборот платформаси эса товарларнинг етиб келиши ва уларнинг чиқиши оралиғидаги ўртача вақтни ўлчашни назарда тутади.
«Навбатларни бошқариш», “Транспорт назорати” каби ахборот тизимлари ишлаб чиқилади ва Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Яллама” чегара-божхона постида синов тарзида жорий этилади.
Шунингдек, «Божхона аудити», «Автоматлаштирилган тарзда чиқариб юбориш», «Е-TRENAJYOR» каби ахборот тизимлари ишлаб чиқилиб, божхона органлари фаолиятига жорий қилинади.
“Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида “Ақлли божхона тизими”ни ривожлантиришда Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилади.
Буларнинг барчаси эса божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Отабек Одилов
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати
13.10.2020