Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан 2020 йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларига четдан келтирилган импорт товарлари учун 304,1 миллиард сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилди.
Имтиёзлар аҳоли саломатлигини асраш, озиқ овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан олиб келинган технологик асбоб-ускуналар, хомашё ва бутловчи буюмларга, янгидан қурилиб, ишга туширилаётган ҳамда фаолият кўрсатаётган корхоналарни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қўлланилди.
Жумладан, бугунги кунда вилоятдаги “Surxon keramiks” МЧЖ ҳам қурилиш соҳасидаги материалларни ишлаб чиқарадиган йирик корхона ҳисобланади. Корхонага фаолияти учун хориждан келтирилган технологик асбоб ускуналарга 2018–2020 йиллар оралиғида божхона тўловларидан 11,3 миллиард сўмлик имтиёз қўлланилган. Ҳозирда мазкур корхонада 150 дан ортиқ фуқаролар иш билан таъминланган бўлиб, корхона пандемия шароитида ҳам оловга чидамли ғишт, кафеллар ва бошқа қурилиш ашёларини ишлаб чиқармоқда. Бугунги кунда мазкур корхона бутун Ўзбекистон бўйлаб қурилиш маҳсулотларини етказиб бермоқда. Эндиликда эса қўшни давлатлар ички бозорларига қурилиш маҳсулотларини етказиб бериш режалаштирилган. Мазкур ишлаб чиқариш объектида божхона ходимлари тадбиркорлар билан бўлган мулоқотлари чоғида ҳам корхона истиқболи, унда мавжуд муаммолар ва божхона соҳасига оид янгиликлар борасида сўз юритилиб, божхона органлари тадбиркорларга ўз ваколатлари доирасида доим амалий кўмак беришга тайёрлиги борасида сўз юритилди.
Умуман олганда, берилаётган бу каби имконият ва имтиёзлар, аҳоли саломатлигини асраш, янги ишчи ўринлар яратиш, фуқароларимизнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондириш, иқтисодиёт тармоқларининг барқаролиги ҳамда тадбиркорлар фаолияти барқарорлигини таъминлаш учун хизмат қилмоқда.
12.10.2020