Тадбирда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати полковниги Дониёр Юсупов сўзга чиқиб, Она тилимиз – ўзбек тилига давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганлигининг аҳамияти тўғрисида тўхталиб ўтди.
Барчангизга маълумки, муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 10 апрель куни “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди.
Буларнинг бари бизга ўзбек тилига бўлган муносабатимиз ҳақида яна бир карра жиддий ўйлаб кўриш, она тилимизга четдан бир чуқур назар ташлаш, таҳлил ва тафаккур этиш имкони ва масъулиятини беради.
Бу эса бугунги синовли кунларда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳар қандай шароитда ҳам тил, умуман, маърифат ва маънавият масаласи давлатимизнинг доимий эътибор марказида эканини яна бир бор исботлади.
Ўтган йили давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинганининг 30 йиллиги кенг нишонлангани, 2019 йил 21 октябрда давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий фармон қабул қилингани бу борадаги чора-тадбирларни янада жадаллик билан ривожлантиришга кенг йўл очди.
Тадбирда вилоят Маънавият ва маърифат марказидан ташриф буюрган шоир Хуршид Нуруллаев “Ўзбек тилининг давлат аҳамияти” хусусида ва Самарқанд давлат Чет тиллари институти Ахборот ресурс маркази илмий-услубий бўлим бошлиғи Фотима Тиллаевалар эса “Она тилим, омон бўл мангу” мавзусида маърузалар қилишди.
Шундан сўнг божхона ходимлари Она тилимизга бағишлаб ёзилган шеърларни ёддан айтиб беришди. Тадбирда китоб ва матбуот нашрлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Байрам муносабати билан “Тил – маънавият кўзгуси” шиори остида ёш ходимлар ўртасида ўтказилган диктант иши танлови ғолиблари ҳам муносиб тақдирланишди.
12.10.2020