Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбек тилининг нуфузини оширишда божхона хизматининг ўрни
837
Тарихдан маълумки жамиятда кенг оммалашган умумий тилнинг мавжудлиги давлатларнинг ташкил топишида муҳим асос бўлиб хизмат қилиб келган. Ўзбек тили ҳам ана шундай тиллар тоифасига киради. Ўзбекистон Республикасининг шаклланиш жараёнида ва унинг ҳудудий яхлитлигини таъминлашда ўзбек тилининг аҳамияти беқиёс. Ушбу асосларга кўра ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган бўлиб, мамлакатимиз номининг ўзагини ҳам мазкур тил ташкил этади.

Маълумот учун: дунёда 40 млн.дан ортиқ аҳоли ўзбек тилида сўзлашади. Уларнинг аксарият қисми Ўзбекистонда, қолган қисми қўшни мамлакатлар ҳудудида истиқомат қилади. Шунингдек, дунёда энг кўп аҳоли сўзлашадиган 40 та тиллардан бири ўзбек тили ҳисобланади. Ер юзида 7 млрд.дан ортиқ аҳоли 5000 га яқин тилларда сўзлашади ҳамда улардан 200 га яқини расмий давлат тили сифатида тан олинган. Расмий тил сифатида тан олинган тилларда сўзлашувчилар сони ўртача 35 млн. кишига тўғри келишини ҳисобга олсак, ўзбек тилида сўзлашувчилар сони ушбу ўрта арифметик рақамдан ошади. Бу эса, ўзбек тилининг барҳаёт тиллардан бири эканлигидан далолат беради.

Дунёдаги ҳар бир миллат ўз тилида сўзлашувчи халқлар “географияси”ни кенгайтириш мақсадида тил ўрганишни тарғиб қилишга катта эътибор беради. Инглиз, француз, немис, хитой каби тиллар бунга яққол мисол бўла олади. Бунинг натижасида, ушбу тилларда сўзлашувчи халқларнинг жаҳондаги мавқейи янада мустаҳкамланиб боради. Ушбу тилларни ўрганишга нисбатан берилаётган эътибор тобора катта аҳамият касб этмоқда.

Халқимизда “Тилга эътибор – элга эътибор” деган мақол бежизга айтилмаган. Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир инсон қайси касб ёки ҳунар эгаси бўлишидан қатъи назар ўзбек тилининг нуфузини сақлаб қолиш ҳамда уни янада оширишга масъул ҳисобланади. Божхоначилар ҳам шулар жумласига киради. Божхона хизматини ташкил этилиши давлат мустақиллигининг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизга кириб келаётган ҳар бир инсонни “остонада” дастлаб божхоначилар қарши олишади. Хизмат тақозоси билан божхоначилар турли тилда сўзлашувчи чегарадан ўтувчи хорижлик инсонлар билан муносабатга киришади ҳамда уларнинг ҳужжатлари ва олиб ўтаётган товарларини назорат қилади. Бу жараёнда божхоначилардан ўзбек тили билан бирга яна бир нечта хорижий тилларни мукаммал билиш талаб қилинади.

Ўз навбатида бир нечта чет тилларида сўзлашаётган божхоначиларга қараб хорижликларда Ўзбекистон ва унинг халқи ҳақида дастлабки тасаввур пайдо бўлади. Божхоначиларнинг давлат тилини мукаммал билиши хорижликларнинг тасаввурини янада ижобий томонга ўзгартиришга хизмат қилади. Чунки, юртимизга ташриф буюрадиган ҳар бир хорижлик инсонда ўзбек тили, маданияти ҳамда урф-одатларини ўрганишга нисбатан эҳтиёжи юқори бўлади. Бу эҳтиёжни қондиришга биринчилардан бўлиб божхоначилар ҳисса қўшади.

Шунингдек, хорижликлар мамлакатимизга келишидан олдин ўзи билан Ўзбекистонга қандай товарларни қанча миқдорларда олиб кириш тартибини ўрганиш мақсадида ҳам мамлакатимиз божхона қонунчилигини ўрганишга қизиқишади. Бу жараёнда халқаро интернет тармоғида ўзбек ва хорижий тилларда жойлаштирилган божхонага оид маълумотларни ўрганишади. Бу орқали ўзбек тилини хорижда ҳам ўрганиб борилишига замин яратилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, барча соҳалар каби божхона хизмати ҳам ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш ҳамда мавқейини мустаҳкамлаб бориш жараёнида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда деб ҳисобласак муболаға бўлмайди.

Анвар Шадманкулов
Божхона институти кафедраси бошлиғи,
и.ф.н., доцент.

 

 

 

12.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг