Коррупция ва адолат ўзаро тескари аҳамият ва таъсирга эга бўлиб, коррупция илдиз отган жойдан адолат йўқолади, адолат бўлмаган жойда эса на тараққиёт, на ҳаракат, на эртанги келажакка умид бўлади.
Миллат кушандасига қарши курашда ҳар бир инсон, ҳар бир мансабдор шахс ўз позициясидан келиб чиқиб, ҳуқуқий онг ва билимини оширган ҳолда ҳаракат қилиши энг мувафаққиятли усуллардан бири бўлиши шубҳасиз. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда, биринчи навбатда, коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий билимини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.
Божхона органлари фаолиятида ҳам коррупцияга қарши курашиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, божхона ходимларининг ҳалол, масъулиятли, софдил ва адолатли бўлишлари юзасидан доимий равишда тарғибот ташвиқот ишлари олиб борилиши йўлга қўйилган. Бугунги рақамли иқтисодиётга ўтиш даврида божхона органлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш борасида ахборот технологияларидан жадал фойдаланган ҳолда электрон ҳужжат алмашиш тизимларининг амалиётга жорий этилганлиги ҳам божхонада миллат кушандаси бўлмиш коррупциянинг барвақт олдини олишга қаратилган чора тадбирлар сирасига киради, десак муболаға бўлмайди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган
9 ойи давомида ўтказилган 18 та маърузалар, 36 та ходим билан индивидуал профилактик суҳбатлар, ходимларнинг яқин қариндошлари иштирокидаги йиғилишлар ҳам айнан тизим ходимлари онгида коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш, уларнинг ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва пок, виждонан амалга оширишлари тарғиботи йўлида амалга оширилди.
Яна бир марта эслатиб ўтиш жоиз, барча жисмоний ҳамда юридик шахслар, божхона соҳасига оид саволлари ҳамда мурожаатларни Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ёки Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасидаги 61 224-90-86, 61 224-02-68 ишонч рақамларига қўнғироқ қилиб йўллашлари мумкин.
Коррупция – тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг эмас, барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.
11.10.2020