Бинобарин, Конституциямизнинг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги, аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт экани мустаҳкамлаб қўйилган.
Ушбу конституциявий қоидани, шунингдек “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари ижросини таъминлаш мақсадида, Тошкент шаҳар божхона бошқармасида ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва уларни ўз вақтида кўриб чиқиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Таҳлилларга назар ташласак, 2020 йилнинг 9 ойи давомида бошқармада 359 та мурожаатлар руйхатга олиниб, уларнинг сони ўтган йилларнинг айни шу даврига нисбатан анча камайганини кўришишиз мумкин.
Мурожаатларнинг 158 таси жисмоний шахслар, 201 таси юридик шахслар томонидан берилган бўлиб, шундан 181 таси электрон тарзда, 169 таси оғзаки ва 9 таси ёзма шаклда тақдим этилган.
Кўриб ҳал этилган мурожаатларнинг 28 фоизи ўз вақтида қаноатлантирилиб, 71 фоизи бўйича тушунтиришлар берилган. Қолганлари эса тегишлилиги бўйича бошқа органларга юборилган.
Мурожаат турлари бўйича таҳлил қилинганда, уларнинг 351 таси ариза, 7 таси шикоят ва 1 таси таклифларни ташкил этади.
Мурожаатларнинг асосий қисми божхона назорати ва расмийлаштируви, божхона тўловлари ва имтиёзлар масалаларига тааллуқлидир.
Айтиш ўринлики, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири борлиги шахсий таркибга тушунтириб борилмоқда. Натижада мурожаатларнинг 96 фоизи 10 кундан ошмаган муддатда кўриб ҳал этилган.
Бир сўз билан айтганда, ижтимоий-сиёсий соҳада изчиллик билан давом эттирилаётган ислоҳотлар юртимизда ҳар бир инсоннинг муносиб турмуш кечиришига кўмаклашишдек олижаноб мақсадга йўналтирилган бўлиб, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун доирасидаги тизимли ишлар ҳам ана шу мақсад рўёбига хизмат қилмоқда.
Раъно ХОШИМОВА,
Мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи бош инспектори,
Отабек ОДИЛОВ,
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси инспектори
11.10.2020