Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Она тилим – ўлмайди
1228
Интернет саҳифалари билан танишиб, битта маълумотга кўзим тушиб қолди. Унда ёзилишича, “2020 йил ҳолатига дунёда 7117 та тил бор. Ер юзининг 80 фоиз аҳолиси 80 тилда гаплашади. Улардан қолган кўпчилик тиллар “ўлик” тил ҳисобланади. Aниқроғи бу тилларда ҳеч ким сўзлашмайди” экан. Беихтиёр ўйга толдим: ўзбек тили ҳамиша “тирик” тиллар қаторида бўлсин-да...

Ўтган собиқ иттифоқ даврида қанча зулм, қийинчилик-синовлардан ўтиб, бугун юртимиз узра баралла янграётган она тилимиз мустақиллик йилларида қайта тирилди, десак муболаға бўлмайди.

Она тилимизни ўз жозибадорлигини сақлаб қолган ҳолда соф ва покиза ҳолатида келажак авлодга етказиш йўлида ўзбек тилида ўзбек  халқининг дардини куйлаган  буюк сиймолар, адиб-у шоирлар шаҳид бўлишди. Ўзбекнинг буюк миллат экани ҳақида ҳатто қамоқхона деворларига кўмир билан шеър ёзган Усмон Носир-у, қатағон қурбонларига айланган Абдулла Қодирий, Чўлпон-у Фитратлар ўзбек миллати кўзгуси саналмиш ўзбек тилининг тараққиёти ва сақланиб қолинишида ўзларининг беҳисоб ҳиссаларини қўшган юртимизнинг мард фарзандларидир.

“Сен йўқолган кунинг шубҳасиз, Мен ҳам тўти бўлиб қоламан” дея ҳасрат чеккан Абдулло Орипов, “Она тилим ўлмайди” деб бонг урган Эркин Воҳидов-у,  “Бу дунёда тили йўқда дил йўқ дерлар” деб оҳ чеккан  Муҳаммад Юсуфлар шеърларида янада тобланиб, жилоланган она тилимизни асраб-авайлаш энди фақатгина ўзимизнинг қўлимизда.

“Тил билган эл билади” деган мақолга амал қилиб, бошқа миллат ва элатларнинг тилларини ўқиб ўрганганимиз яхши, албатта. Лекин биринчи навбатда ўз она тилимизни ҳам ўқиб ҳам уқиб олишимиз даркор. Зероки, она тилимизни сақлаб қолиш бу халқимизнинг маданияти, урф-одати, расм-русумларини ҳам сақлаб қолиш демакдир. Жаҳон шохсупаларига чиқиш йўлида хориж тилларини ўзлаштириш натижасида она тилимизни унутиб қўйиш ёки кундаликли турмушимизда ундан фойдаланишдан бутунлай воз кечиш миллийлигимизни, она тилимизни сақлаб қолиш учун жонини фидо қилган буюк боболаримизга, она юртимизга ва бутун миллатимизга ҳурматсизлик ва хиёнат билан тенгдир. Зеро, “Тил — миллат кўзгуси”. Миллатимиз поклиги ва софлиги тилимизнинг жозибасида намоён бўлади.

Она тилимизга ҳурмат, уни асраб – авайлаш, соф ҳолида келажак авлодга етказиш мақсадида давлатимиз томонидан барча зарур чора-тадбирлар  қаторида  “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши, бу йил биринчи марта 21 октябрь ўзбек тилининг давлат тили сифатида қабул қилинган санани “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиниши ва юртимиз миқёсида кенг нишонланиши каби тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Шу билан бир қаторда, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига умумий тартибда қабул қилишнинг асосий шартларидан бири сифатида ариза топширган шахснинг давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билиши  киритилганлиги давлат тилига ҳурмат ва дунё миқёсида ўзбек тилига эътиборнинг ортишида катта омил бўлишига ишончим комил.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлод онгида она тилимизга ҳурмат, миллий қадриятларимизга ифтихор руҳини шакллантира олсаккина, ўзбек тили барҳаёт яшайди. Биз бугун хориж тилларини катта иштиёқ билан ўрганаётганимиздек, дунё ёшлари ҳам ўзбек тилини шундай қизиқиш ва ҳавас билан ўрганишади.

                                                         

11.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг