Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда
1268
Рақамли иқтисодиётсиз мамлакат иқтисодиётининг келажаги йўқ. Рақамли божхона эса рақамли иқтисодиётнинг узвий бир бўлаги сифатида юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда

Содда қилиб айтганда, бугун божхонада замонавий рақамли технологияларни қўллаш эвазига товар ва транспорт воситалари қанчалик тез чиқариб юборилса, маҳаллий ишлаб чиқариш, экспорт-импорт операциялари шунчалик шиддатли тус олади.

Яна бир жиҳат бугун тадбиркорларимизга божхона тўловларидан берилаётган имтиёзлар аслида пандемия даврида уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Аҳамият беринг, 2020 йилнинг ўтган даврида тадбиркорларимизга божхона тўловларидан 28,1 трлн сўмлик имтиёзлар қўлланилди. 1,1 трлн сўмлик божхона тўловларини эса кечиктириб тўлаш имконияти берилди.

Буларнинг барчаси эса мамлакатимизда ишлаб чиқариш салоҳиятини янада кенгайтириш ва янги иш ўринларининг яратилишига олиб келиши, табиий. Айни имкониятлардан Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ҳам унумли фойдаланиб келишмоқда.

Паркент деганда энг аввало кўз олдимизга бепоён токзорлар келади. Туманнинг қулай иқлим шароити ва паркентлик боғбонларнинг авлоддан авлодга ўтиб келаётган анъана ва тажрибаси сабаб узум етиштиришда катта ҳосилдорликка эришилмоқда. Шу боисдан ҳам туманда узумчилик ва виночилик иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бирига айланиб бормоқда.

Номданақ қишлоғидаги “Ҳамкор” хусусий корхонасида ҳам жаҳон бозорида талабгир, генетик жиҳатдан янги машҳур ва истиқболли узум навларини етиштириш, шунингдек, олий навли вино маҳсулотларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, божхона тўловларидан 303 млн. сўмлик имтиёзлар қўлланилган ҳолда Италиядан келтирилган қиймати 140 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи замонавий технологиялар бу ерда маҳсулотлар ҳажмининг ҳам, ишчи ўринлар сонининг ҳам ошишига хизмат қилди.

Ҳозирда корхонада 70 нафардан зиёд номданакликлар иш билан таъминланган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Чирчиқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари ушбу корхонада ишлаб чиқарилган 1468 тонна вино маҳсулотларини экспорт божхона режимига расмийлаштиришди.

Корхона томонидан асосан Россия ва Хитой бозорларига экспорт қилинган маҳсулотларнинг умумий қиймати эса салкам 378 минг АҚШ долларини ташкил қилди.

Тумандаги “Ёшлик” қўрғонида фаолият юритаётган “Алитекс” масъулияти чекланган жамиятига ҳам яқинда четдан қиймати 136 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи янги замонавий технологик асбоб-ускунлар келтирилди.

Бундан ташқари корхонада ишлаб чиқариш жараёнларида фойдаланиш учун қиймати 428 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи салкам 623 минг тонна хом-ашёлар ҳам келтирилган бўлиб, мазкур технологиялар ва хомашёларни божхонада расмийлаштириш жараёнида корхона эгаларига божхона тўловларидан 1 млрд. 798 млн. сўмлик имтиёзлар қўлланилди.

Паркентлик ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига “Чирчиқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан божхонага доир хизматлар кўрсатилади.

Биргина 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида божхона пости ходимлари тадбиркорларнинг 292 минг тоннадан зиёд товарларини экспорт божхона режимига расмийлаштиришган. 

Ҳозирда Чирчиқ шаҳрида замонавий логистика маркази ва божхона постининг янги биноси ишга туширилиши арафасида турибди.

Логистика ва транпорт ҳаракатлари учун қулай ҳудудда жойлашган янги манзил нафақат тадбиркорларнинг, балки божхоначиларнинг ҳам вақтини тежайди.

Аксарият ҳолатларда айнан шу ердан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ортилган автотранспорт воситалари экспортга қараб йўл олади. Шу боисдан бир неча чақирим олисда жойлашган божхона постидан ходимлар божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун бу ерга келишарди.

Оҳангарон шаҳрида эса хорижий инвестиция асосида бунёд этилган саноат зонасидаги металконструкция заводи йилига 12 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Хозирда бу ерда 192 нафар янги иш ўринлари ташкил қилинган.

Жорий йилнинг ўзида корхонага четдан келтирилган хорижий технология ва асбоб-ускуналар учун божхона тўловларидан 5,1 млрд. сўм имтиёзлар қўлланилди.

Натижада 2020 йилнинг ўзида корхонада ишлаб чиқарилган салкам 2 минг тонна металл маҳсулотлари четга экспорт қилинган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 2,3 млн. АҚШ долларини ташкил қилди.

Экспорт ҳам аслида ўзига хос инвестиция! Маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтиршига, ишчи ўринларини кўпайтиришга, пировард натижада аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган инвестиция!

Бу жараёнда эса тадбиркорга яқиндан кўмакчи бўлиш бугунги божхоначиларнинг ҳар бирига дахлдордир.

8.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг