Радиоактив ва махсус ядровий материалларнинг юртимиз чегаралари орқали олиб ўтилиши “кескин назорат”ни талаб қиладиган жараёнлардан ҳисобланади. Бундай материалларнинг чет давлатдан олиб кирилиши, олиб чиқилиши ёки транзит тарзида ҳаракатланиши, уларни бирламчи идентификациядан ўтказиш ва олиб чиқиш ишлари якунлангунига қадар улар сақланишини таъминлаш божхона органларининг масъулиятидадир.
Бугунги кунда “Жартепа” чегара божхона постида кўплаб йўловчилар ҳаракатланиб, Ўзбекистон Республикасига кириб келишади. Йўловчилар ва уларнинг қўл юклари қисқа муддатга божхона назоратидан ўтказилади.
Бунда божхона ходимидан малака талаб қилинади. Божхоначиларнинг малакасини янада ошириш мақсадида “Жартепа” чегара божхона постида “Санкцияланмаган ионлаштирувчи нурланиш манбалари аниқланганда Фавқулодда вазиятлар Давлат қуйи тизими хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди.
Мазкур ўқув-машғулотни ўтказишдан кўзланган мақсад республикамизга чегара божхона постлари орқали кириб келиши мумкин бўлган турли хилдаги материаллар, тақиқланган адабиётлар, заҳарли ва заҳарловчи моддалар, ионлаштирувчи нурланишнинг рўйхатга олинмаган манбаларининг кириб келишини олдини олиш, қурол-яроғ, гиёҳвандлик моддалари ва шу каби бир қатор таҳдидларнинг олдини олишдан иборат.
Радиоактив материаллар ўз-ўзидан юқори хавфли товарлар тоифасига киради. Шунинг учун уларнинг ички ва ташқи кўриниши, ҳаракати ва ташиш шароитларига риоя қилиниши устидан назорат олиб бориш зарур.
Бу борада Давлат божхона қўмитаси томонидан республикамизга радиоактив материалларни ноқонуний кириб келиниши олдини олиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, барча чегара божхона постларида уч турдаги: йўловчилар учун, автомобиллар учун, темир йўл вагонлари учун радиацион назорат қурилмалари ўрнатилган.
Ўқув-машғулоти давомида божхона назоратини амалга ошириш жараёнида божхона ходимлари томонидан амалиётда қўлланиладиган техник воситалар намойиш этилди.
Бу каби ўқув-машғулотларининг ўтказилиши албатта ходимнинг малакасини ошишига ҳамда иш самарадорлигини яхшиланишига хизмат қилади.
7.10.2020