Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбек тили – дунёни ҳайратга солган, дурдона асарлар яратилган ноёб тил
1551
Дунёдаги энг қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимизнинг тимсоли, бебаҳо маънавий бойлигимиз ва буюк қадриятимизга айланган десак муболаға эмас албатта.
Ўзбек тили – дунёни ҳайратга солган, дурдона асарлар яратилган ноёб тил

Аждодларимиз шу тилда улкан илмий манбаларни ёзиб бизга мерос қолдирган. Бу тилда яратилган қадимий ва буюк тарихимиз, мумтоз адабиётимизнинг бебаҳо дурдоналари жаҳонни ҳайратга солиб келмоқда.

Она тилимизнинг ғоят кўҳна ва барҳаёт қудрати халқ достонларимизда баралла куйланган, Маҳмуд Кошғарий бобомиз сўзма-сўз кўрсатган ва ҳазрат Алишер Навоий уни энг юксак санъат даражасига кўтарган эди.

Амир Темур бобомиз “Биз ким – малики Турон, амири Туркистонмиз! Биз ким миллатларнинг энг улуғи ва энг қадими, туркнинг бош бўғинимиз!” деб, халқимизни туркийларнинг бош бўғини деб атагани бежиз эмас, чунки шу қутлуғ тупроқлар аксарият туркий халқларга макон ҳисобланиб келган.

Ҳар йили октябрь ойининг 21 санаси халқимиз ҳаётида энг қувончли, энг мунаввар, энг хайрли кун сифатида муҳрланиб, ушбу қутлуғ сана мамлакатимизда ва халқаро миқёсда “Ўзбек тили байрами куни” сифатида катта тантана билан нишонланади. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони халқимизнинг, миллатимизнинг орзуларига ҳамоҳанг тарихий ҳужжат сифатида дунёга келди ва ҳар биримизнинг қалбимизни чексиз ғурур ва ифтихорни уйғотди.

Президентимиз ўтган йилнинг 21 октябрь куни пойтахтдаги муҳташам мажлислар саройида қилган маърузасида “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим. Бу олийжаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак” – деган эди.

Шундай экан, ҳар бир халқнинг ўзлигини намоён этувчи миллий ва умуминсоний қадриятлари бўлади. Тириклик учун тоза ҳаво билан қуёш нури, нону сув қанчалик ҳаётий зарурат бўлса, миллатнинг яшаши ва равнақ топишини ҳам она тилисиз тасаввур этиб бўлмайди.

 

29.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг