Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши бирга курашишимиз керак
894
Коррупция биргина давлат эмас, балки бутун жаҳон тараққиётига таҳдид солувчи иллатдир. Айниқса, ХХI асрга келиб унинг миқёси ва хавфи янада кенгайди.

Коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш учун аввало, унинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш талаб этилади. Бу каби сабабларга ҳокимиятнинг марказлашганлиги, бюрократия ва буйруқбозликнинг юқорилиги, турли хил рухсат бериш тартиб-таомилларининг ҳаддан зиёд кўплиги ва мураккаблигини келтириб ўтиш мумкин.

Албатта, бу каби сабабларни бартараф этилишида аввало қонунчилик базаси мукаммал тузилган бўлиши, вақт ўтиши билан эскирган нормалар замон талабларига, ижтимоий ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда такомиллаштирилиб борилиши лозим. Шу боисдан ҳам, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб бормоқда.

Хусусан, 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши кураш конвенциясига, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашишнинг Истанбул режасига аъзо бўлинди. 2017 йилда эса “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. 2019 йилда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан “2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури” ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш учун алоҳида орган ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан, ташкил этилган “Коррупцияга қарши курашиш агентлиги” коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи эканлиги ҳамда президентга бўйсуниши ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдорлиги белгиланди.

Аммо бу қабул қилинган ҳужжатлар ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳаётда ўз аксини топиши учун аввало кенг жамоатчиликда коррупцияга қарши ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, ушбу йўналишда жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур. Бошқача қилиб айтганда, коррупцияга қарши кураш ҳар бир фуқаронинг маслагига айланиши керак.

Шу муносабат билан, фуқаролардан божхона қонунбузилиши ҳолатлари рўй берганида Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ҳамда Навоий вилояти божхона бошқармасининг 79-223-08-65 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

30.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг