Онлайн тарзда ташкил қилинган ушбу ўқув семинарида божхона хизмати ходимлари билан бирга суд, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, шунингдек, адлия, адвокатура ҳамда экспертиза ташкилотларининг етакчи мутахассислари иштирок этдилар.
Семинарда божхона ходимлари томонидан аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан барча текширув ва терговга қадар ҳаракатлар ўтказишда зарур бўлган далилларни тўплаш, процессуал ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш ва қонуний қарорлар қабул қилиш жараёнларида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тергов ва суд органлари билан ўзаро тажриба алмашиш юзасидан маълумотлар берилди.
Шунингдек, божхона органлари томонидан расмийлаштирилган жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг ўзига хос хусусиятларини муҳокама қилиш орқали амалиётда учрайдиган камчиликларни олдини олишда фикрлар алмашилди.
Рақамларга тўхталадиган бўлсак, ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан 2019 йил ҳамда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 1400 та қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган бўлиб, шулардан 78 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган ва тергов органларига юборилиши таъминланган. Бу эса, ўз навбатида, идоралараро ҳамкорлик ва ўзаро малака алмашинуви қанчалик муҳимлиги ва шу каби семинарларнинг аҳамияти ҳамда долзарблилигининг яққол намоён этади.
2.10.2020