Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш - миллий юксалиш ғоясининг бош тамойили
3412

...Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар,
Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.
Қодирийлар, Чўлпонлару Абдуллолар,
Сенинг қайтган кунинг менинг мавлуд йилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Муҳаммад ЮСУФ

 

Ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўзининг маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратади.

Ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир. 1989 йил
21 октябрда давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили этиб белгиланди. Юртимизда давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланади.

Йирик ўзбек маърифатпарвари Абдулла Авлоний она тили борасида шундай дейди: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадургон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур».

Мамлакатимизда давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини тобора ошириб бориш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2020 йил 10 апрель куни қабул қилинган «Ўзбек тили кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунига кўра мамлакатимизда 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланиши, фуқароларимиз юқори кайфият ва миллий ғуруримиз юксалиши шукуҳида қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди.

Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашда бу каби ишларнинг аҳамияти жуда ҳам долзарб ва беқиёсдир.

Шу кунларда ўзбек олимлари, адабиётшунослар кенг жамоатчилик иштирокида илмий ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш, географик ва бошқа топонимик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном бериш борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш устида қизғин ва фаол иш олиб бормоқдалар.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январдаги қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар  Комиссияси тузилди.

2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ:

мамлакат ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа соҳаларда давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш;

таълим муассасаларида давлат тилини ўргатиш ва уни билиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш, давлат тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш;

давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш;

давлат тилининг ахборот ва коммуникация технологиялари, хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, ўзбек тилининг компьютер дастурларини яратиш;

давлат тили қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни мунтазам ва ҳар томонлама ўрганиш, уларни бартараф этишга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

мамлакат ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатлар тилларининг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш, уларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш;

давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, унинг бошқа тиллар билан алоқалари истиқболларини белгилаш, хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар ва ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари ва электрон дастурларни ишлаб чиқиш ва уларни кенг миқёсда тарқатиш, ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди десак муболаға бўлмайди. Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак. Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак. 

Р.Хабибов

Тошкент вилояти божхона бошқармаси

бошлиғи ўринбосари

28.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг