Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қадринг баланд бўлсин, она тилим!
1254
2020 йил 21 октябрь куни Давлат тилига ўзбек тили мақоми берилганига 31 йил тўлади.

Самарқанд вилоятида тил байрамига қандай тайёргарлик кўрилмоқда ва нима ишлар амалга оширилди? Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850-сонли Фармони қабул қилиниши ҳам юртимизда давлат тилига эътиборни янада ортишига хизмат қилмоқда. Ўзбек тилининг мавқеи ва обрўси дунё бўйлаб таралмоқда. Биргина спорт соҳасидаги “ҳалол”, “чала”, “дакки”, “ёнбош” каби миллий сўзларимиз дунёнинг етакчи давлатларининг спорт ареналарида янграмоқда. Бу ҳар бир Ўзбекистон фуқароси дилида чуқур фахр-ифтихор туйғусини уйғотади. Раҳбаримизнинг 2020 йил 23 сентябрь куни БМТнинг навбатдаги 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаши эса “21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни”га энг катта совға бўлди десак, ҳеч шубҳасиз муболаға бўлмайди.

Самарқанд вилояти ҳам байрамга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Жумладан, вилоятда 79 398 та ташқи реклама, пешлавҳа ва бошқа ахборот матнлари мавжуд бўлиб, 19820 таси бугунги кунда давлат тили қоидаларига мос келмаслиги аниқланди, шундан 5981 таси пешлавҳа, 6921 таси реклама ҳамда 6918 таси бошқа ахборот матнлари бўлиб, бу камчиликлар шаҳар ва туман ишчи гуруҳлари томонидан бартараф этилмоқда. Корхона, ташкилот ва муассасаларда иш юритиш ҳужжатлари вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда мунтазам текширув ишлари олиб борилиб, йўл қўйилган камчиликлар борасида корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарларига тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти билан ҳамкорликда вилоятимизнинг 16 та шаҳар ва туманларида 70 дан ортиқ давлат тилини мадҳ этувчи шиорлар ўрнатилмоқда. Бу каби шарафли ишлар мунтазам амалга оширилиб борилади.

Юртбошимиз таъкидлаганларидек: Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир.

 

28.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг