Ўзбекистонда бундан 31 йил муқаддам, 1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан Она тилимиз – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди ва ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.
Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда.
Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир.
Шу ўринда мамлакатимизда ҳам 2020 йил 10 апрелда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди ва унга кўра, илк маротаба 21 октябрь санасини кенг миқёсда байрам сифатида нишонлаш кўзда тутилган. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди.
Тил – бу миллий меросдир. Ўзбек тилини келажак авлодга ўзлигича буюк, жозибадор, сўзга бой, бетакрор ва ўзига хос фазилатларини сақлаган ҳолда мерос қолдириш бизнинг вазифамиз ва бурчимиздир. Бурчимизни эса тўлақонли адо этишда юқоридаги қонун хуқуқий асос бўлади.
Ўзбек тили буюк ва қадимийдир. Қалами билан дунёни забт эта олган ҳазрат Навоий, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирийларни дунёга келтирган бу халқнинг тарихи, тили буюк, ўзи эса қадрлидир.
Барчамизга маълумки, ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади, унинг беқиёс имкониятларини халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва ҳикматли сўзларида, бетакрор ибораларида, достонларида, шоир ва ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин.
Дарҳақиқат, тилимиздаги ҳаё, ибо, андиша, орият, меҳр-оқибат сўзларини бошқа тилга айнан таржима қилиб бўлмайди. Уларни фақат ўзбек тилида ифодалаш мумкин. Чунки бу тушунчалар халқимизга хос ва уларни айтишга фақат ўзбек тили қодирдир.
Албатта, ўз она тилимизни асраб-авайлаш, унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, улуғ адиб, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов айтганидек:
Она тилим, сен борсан, шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан!
28.09.2020