Жиззах вилоят божхона бошқармасида ҳам ходимларнинг она тилига бўлган ҳурматини мустаҳкамлаш, уни асраш ва содиқ қолиш мақсадига йўналтирилган “Тил миллатнинг маънавий бойлигидир” мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирда Маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилояти бўлими ходимлари, Жиззах Давлат педагогика институтининг она-тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ҳамда бошқарма ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар, ўзбек тилини тобора ривожлантириш, уни янада чуқурроқ ўрганиш ва шу тариқа тафаккуримизни юксалтиришимиз лозимлигини алоҳида таъкидлашди. Шунингдек, ушбу тарғибот тадбирларини ташкил этишдан мақсад - она тилимизнинг бой маънавий мерос эканлигини, жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингиши, аждодларимиздан қолган ушбу бебаҳо меросни келгуси авлодларга ҳам ўз ҳолича етказиш зарурлиги ходимларга тушунтирилди.
Дарҳақиқат, тилда миллат руҳи яшайди, миллат ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар тилда худди кўзгудек акс этиб туради. Зеро, Улуғ бобокалонимиз Абдулла Авлоний айтганларидек: “Миллий тилни йўқотмак, миллатнинг руҳини йўқотмакдир”.
28.09.2020