Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тил – бу ўзлигимиз демакдир
1286
Мустақил Ўзбекистон эркинликнинг дастлабки йиллариданоқ ўзбек тилининг муҳофазаси ва тараққиёти учун барча қонуний асосларни яратди. Чорак асрдан ошдики, ўзбек тили давлат тили сифатида ўттиз икки миллиондан ортиқ нуфуснинг нуфузли тили мақомида ривож топиб бормоқда.

Она сути билан тилимиз чиқади, она тилимиз орқали Алпомишнинг мардлиги, Жалолиддиннинг ватанпарварлиги руҳиятимизни юксалтиради, Алишер Навоийнинг “Хазойин-ул маоний”си дунёқарашимизни кенгайтиради. Фурқатнинг ғазаллари элу юрт қадрини англатади. “Бобурнома”, “Ўткан кунлар” тарихимиз билан яқинлаштиради. Фахр-ифтихор билан айтиш жоизки, она тилимиз – ўзбек тили кўп асрлар давомида дунё цивилизациясига, умумбашарий қадриятлар ривожига улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Хусусан, Махмуд  Қошғарий, Ахмад Югнакий, Ҳазрати Ахмад Яссавий, Бобур Мирзо, Бобораҳим Машраб, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби буюк аллома ва адибларнинг ўлмас асарлари нафақат миллатимиз, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, инсоният маънавиятининг сарчашмаси саналади.

Президентимизнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса бир қувончимизга ўн қувонч қўшди, мустақиллик шукуҳини баралла ҳис қилдик. Айниқса, "Бизнинг ёшлар, албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”, деган даъвати эртанги кунимиз эгалари бўлмиш фарзандларимиз учун ўзига хос бетакрор маънавий-аҳлоқий тарбия мактаби вазифасини ўташи тайин.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, тилнинг тараққиёти унинг луғат бойлигида, бу бойликнинг кўпайиши, сўзлар маъно таркибининг кўламдорлик касб этишида, муайян морфологик ва синтактик шаклларининг ранг-баранглашиши ҳамда меъёрлашиши каби бир қанча жараёнларда намоён бўлади.

Шундай экан, ўзини ва ўзлигини ҳурмат қилган барча халқ авваламбор ўз тилини сақлаб қолишга, унга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишга ва уни бойитишга ҳаракат қилиши лозим.

"Тошкент АЭРО" ИБК Ахборот хизмати

27.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг