Семинарни ўтказишдан асосий мақсад маъмурий судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни ўрнатиш, суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд ҳуқуқ соҳасида юз бераётган ўзгаришлар, амалиётда юзага келаётган камчиликлар ва уларни бартараф этиш юзасидан ўзаро фикр алмашиш ва зарур чоралар белгилаб олиш бўлди.
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойили қўлланилишини янада кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 август кунидаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг хуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 6041-сонли Фармони, бунга яққол мисол бўла олади.
Мазкур Фармон ва бошқа бир қанча меъёрий хужжатлар билан суд тергов фаолиятидаги ўзгаришлар, асосий йўналишлар, янгича тартибларнинг барчаси шахсларнинг хуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун хизмат қилади.
Шунингдек, мамлакатимизда қабул қилинаётган бир қатор меъёрий ҳужжатларнинг натижаси сифатида ноҳақ айбланган 2 минг 300 га яқин киши оқланди, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3 минг 500 дан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, ўз оилалари бағрида қолдирилди, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 нафардан ортиқ ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси божхона органларида бу борада бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июнь кунидаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ 6005-сонли Фармони билан белгиланган чора-тадбирлар нафақат божхона тизимини такомиллаштириш эмас, балки ТИФ иштирокчиларига қулай шарт-шароитлар, божхона тартиботларини соддалаштириш билан бир қаторда контрабанда ва божхона тўғрисида қонун ҳужжатлари бузилишига қарши курашиш вазифалари яна бир бор белгилаб берилди.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан 47 та ҳолатда жиноят аломати бор ҳолатлар аниқланиб, 504 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан маъмурий иш материаллари маъмурий судлар томонидан белгиланган муддатларда кўриб чиқилиб, қонуний қарорлар қабул қилинмоқда.
Аниқланган 47 жиноят аломати бор ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 182 (Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш), 246 (Контрабанда), 273 ҳамда 276-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб тегишли тартибда тергов органларига юборилган.
Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг аксарият қисмини маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ташкил этиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг
227, 2271-22727-моддалари назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан маъмурий иш материаллари юритилмоқда. Бугунги кунда туман, шаҳар маъмурий судлари ҳамда тергов органлари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан доимий равишда фикр алмашиб келинмоқда.
Тадбирда, маърузачиларнинг нутқларидан сўнг, ўзаро фикр ва мулоҳазалар алмашилди. Амалиётдаги муаммолар, процессуал иш юритув жараёнидаги камчиликлар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тингланди.
Семинар машғулоти якунида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, институт профессор ўқитувчилари билан доимий равишда ҳамкорликни ўрнатиб, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан янги-янги таклифлар, инновацион ғоялар билан иш фаолиятимизни енгиллаштириш юзасидан семинар тренинглар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни доимий равишда ўтказиб боришга келишиб олинди.
25.09.2020