Божхона органлари, хусусан, Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан мазкур йўналишда амалга оширилиши керак бўлган аниқ ва самарали чора тадбирлар белгилаб олинган.
Тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмак бериш, тизим ривожи йўлида олиб борилаётган тарғибот тадбирларининг навбатдагиси “Пахтакор текс” МЧЖда ташкил этилди.
2019 йилда ўз фаолиятини йўлга қўйган мазкур корхона айни пайтда 450 га яқин ҳамюртларимизни иш билан банд этиб келмоқда. Корхона бир кунда 23 тонна, бир ойда эса ўртача 690 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Сифатли маҳсулотларга талаб юқорилиги боис мазкур корхоналарнинг экспорт кўрсаткичи ҳам юқори даражада. Шу кунгача 10 000 тоннадан ортиқ, 23 миллион АҚШ долларлик маҳсулотлар Хитой, Туркия, Россия, Польша ва Италия каби мамлакатларга экспорт қилинган.
Мазкур корхона фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 1 миллиард 880 миллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган. Табиийки, ушбу имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳар қандай ишбилармон тадбиркор келгусида корхона фаолиятини янада кенгайтириш ва соҳада ижобий натижаларга эришиш чораларини кўради.
Учрашув давомида, тадбиркорлик субъектларига божхона соҳасида яратилаётган қулайликлар, тизим ривожи йўлида қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти борасида ҳуқуқий тушунчалар берилди.
25.09.2020