Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Она тилим жаранги юқори минбарлар узра янгради
4168
Халқимиз, дунё ҳамжамиятининг юртимизга ва халқимизга бефарқ бўлмаган қатлами ҳамда қардошларимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг жорий йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи юбилей сессиясининг юқори даражадаги мунозараларида БМТнинг 6 та расмий тилларидан бирида эмас, балки ўзбек тилидаги чиқиши билан иштирок этишини интизорлик билан кутаётган эди.

Бу ҳақдаги хабар тарқалгани заҳоти, дунёда умргузаронлик қилаётган 50 миллиондан ортиқ ўзбек миллатига мансуб кишиларда, шунингдек 200 миллиондан ортиқ ўзбек ва туркий тилларда сўзлашадиган ватандошлар ва қардошларимизда катта қизиқиш уйғотди.

Тилимизнинг бугунги кундаги халқаро мавқеига қарайдиган бўлсак, расмий тил мақомига эга 200 га яқин давлат ёки дунё тиллари қаторида жаҳон аҳолисининг йирик қисми сўзлашадиган 40 та тиллардан бири сифатида барқарор ўрин тутган. Ўзбек тилшунос олими А.Абдуазизовнинг тадқиқотлари натижасига кўра тилимиз мазкур рўйхатда 34-ўринни эгаллаган.

Чиқишнинг тарихий аҳамияти шундаки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилгани ва унга Ўзбекистон аъзо бўлиб киргандан буён илк бор ташкилот минбаридан Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазмундор, бой ва кенг қамровли ўзбек тилидаги нутқи янгради. Бу БМТ ва мустақил Ўзбекистонимиз тарихи солномаларида зарҳал ҳарфлар билан битилиши шубҳасиз албатта.

Нутқдаги теран маъноли сўзлар ва иборалар уйғунлиги жозибадор Она тилимизнинг буюклиги, бойлиги, бетакрорлиги ва ўзига хос фазилатларини дунё ҳамжамиятига янада кенгроқ тараннум этди десам адашмайман.

Президентимиз энг юксак минбардан туриб ўз Она тилидаги нутқи билан, “ўзбек тилини дунё тиллари глобаллашув жараёнида юқори нуфузга эга “катта” тилларнинг таъсири ва қамровидан кишиларга яхши сўз билан таъсир эта билиш санъати орқали шиддат билан олиб чиқди” дейишга тўла ҳақлимиз.

Бу ЮНЕСКО томонидан дунёда тиллар жозибадорлигини сақлаб қолишга долзарб муаммо сифатида қаралиб, белгиланган бир талай халқаро тадбирлар, хусусан 21 февраль – Халқаро она тили байрами сифатида халқаро миқёсда нишонланиши ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йилни “Халқаро тиллар йили” деб эълон қилиши билан бевосита боғлиқдир.

Сабр бахтга етаклайди деганларидек, Президентимизнинг мазкур чиқиши билан ўзбек тили ўзининг кўп қадимий машаққатли ривожланиш босқичларида қийинчиликлар билан бўлсада тўлиб-тошиб, ўзининг муомала-мулоқот тили, давлат тили, расмий тил ва дипломатик тил даражасига кўтарилганлигини тўлақонли исботлаб берди.

Мазкур чиқиш юртимизда кенг нишонланиши кутилаётган ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 31 йиллиги ва илк бора нишонланаётган “Ўзбек тили куни” байрамига катта туҳфа бўлди.

Юксак минбарда ўзбек тилининг жаранглаши озодлик, ободлик, тинчлик-осойишталик, тилимиз равнақи йўлида жон олиб, жон берган, қон кечган, қатағон қилинган, қаҳрамонлик кўрсатган, ҳар қандай шароитда ҳам ўзларининг мустақил фикрини айта олган буюк мутафаккир боболаримиз Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Югнакий, Хўжа Аҳмад Яссавий, Замаҳшарий, Амир Темур, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Навоий, Бобур, Алихонтўра Соғуний, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, жадидчи маърифатпарварлар, мустабид даврда яшаб ўтган Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Озод Шарофиддинов ва мустақиллигимиз куйчилари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуфлар орзуларининг рўёбга чиққанидир.

Ҳеч кимга сир эмаски, бугун мана шу муқаддас тилни, замин ва тупроқларни бизга Ватан, қадрият, бебаҳо бойлик сифатида қолдирган аждодларимизнинг, миллий қаҳрамонларимизнинг руҳлари шод бўлмоқда. Жаннатмакон юртимизда инсон ҳамда унутилиб кетган айрим қадриятларимиз яна қадр топмоқда, барча эзгу ва хайрли ишлар юртдошларимизни, қўшниларимизни ҳамда дунё халқларининг бахтли яшашига, дунёда азизу мукаррам бўлишига қаратилмоқда.

Зотан, бугунги таҳликали замонда ва глобаллашув шароитида она тилини эъзозлаш, уни ҳурматини жойига қўйиш, ватанпарвар аждодлар руҳларини шод қилишга, уларга лойиқ издошлик ва муносиб давомчилик борасида барчамизга муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ўрнак ва ибрат намунаси бўлиб келаётганига етарли асослар мавжуд. Бундай шарафли, лекин машаққатли ишларга талабчанлик билан Парламент ва ҳукуматни ҳам жадаллик билан ҳаракат қилишга ундамоқда.

Президентимиз халқимизнинг хоҳиш иродаси билан ўз вазифасига киришган биринчи кундан, энг асосий эътиборини Она тилимизнинг равнақ топишига, унинг тўлақонли ривожланиши, амалий ўрнини юксалиши ва халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш борасида салмоқли ишларга қаратди десак муболаға бўлмайди. Жумладан:

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 10 апрелда имзоланган ЎРҚ-615-сон Қонунга кўра 21 октябрь – “Ўзбек тили куни” байрами деб эълон қилинди.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5850-сон Фармони давлат тил сиёсатининг жадаллашувига сабаб бўлди.

Фармон асосида ҳукумат қарори билан вазирлик, идоралар ва ҳокимликларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимини жорий этилиши, қолаверса Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш Департаменти фаолият бошлаши Она тилимизнинг давлат тили ва сиёсий тил даражасини юксалтирди.

Давлатимиз раҳбари хориждаги элчининг ўзбек тилини билишини мамлакат обрўсини белгилайдиган асосий мезон сифатида эътироф этиб, “Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиси бўлса-ю, ўзбек тилини билмаса, бу халқимизга хиёнат эмасми?” деган сўзлари тилимизнинг халқаро нуфузини оширишга иштиёқи баландлиги ҳамда давлатимизнинг тил сиёсатининг қай даражада мустаҳкам эканлигидан далолатдир.

Буларга жавобан мезбон ёки меҳмон давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларининг, юртимиздаги хорижий давлатлар қатор элчиларининг ва бошқа нуфузли шахсларнинг ўзбек тилида сўзлаши, миллий адабиётимиз намоёндаларининг ижодларидан намуналарни ёддан айтиб бериши бунга яққол мисолдир.

2020 йил 10 апрелда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеоанжуман тарзидаги саммитида юртбошимизнинг нутқи соф ўзбек тилида баён қилинди.

Ҳиндистонга ташриф давомида “Жўшқин Гужарат” саммити доирасида ҳам ўзбек тилида нутқ сўзладилар.

Тошкент шаҳрида Афғонистон муаммоларига бағишланган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги халқаро конференцияда ўзбек тили сиёсат тили сифатида қўлланилди. Бу ўз навбатида Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузини кўтаришига, имижини яхшилашига, фаол минтақавий ўйинчи сифатидаги позициясини белгилаб беришга хизмат қилди.

Яна мени илҳомлантирган битта тадбир, давлатимиз раҳбарининг Туркияга ташрифи доирасида Туркия Республикаси Президенти кутубхона мажмуасининг очилиш маросимида қатнашгани бўлди. Унда давлатимиз раҳбари Фахрий меҳмонлар китобига кутубхонанинг илк меҳмони сифатида эсдалик битигини ўзбек тилида ёзганлиги ва битикларни телевидение орқали кўрсатилганидан беқиёс фахрландим.

Кеча БМТ Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи юбилей сессиясидаги Президентимизнинг ўзбек тилидаги нутқини тинглаб, ўзбек халқининг оддий вакили, давлат хизматчиси сифатида шу заминда туғилганимдан, ўзбек миллатига мансублигим, шу халқнинг вакили эканлигимдан, тинч-осойишта замонда Президентимиз билан замондош бўлиб яшаётганлигимдан, қолаверса давлат тилини ривожлантириш соҳасида фаолият юритаётганимдан янада ўзимда фахр ва ифтихор туйғусини ҳис қилдим.

Буларнинг барчаси ўзимда, меҳнат жамоам аъзоларида, кўп минг сонли божхоначиларда, шогирдларимда ва фарзандларимда Ватанга, халққа ва Она тилига муҳаббат, бурчга ва қадриятларга содиқлик, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилишига ишончим комил.

Шу ўринда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Ўзбек тилим” шеъридан иқтибос келтиришни лозим топдим:

Сен туганмас чашмадирсан, оҳ, она тилим,

Етмиш икки томиримга мавжларинг борди.

Бир кун тиниб қолган эди боғда булбулим,

- Сандулочим! –деган эдим сайраб юборди.

Ким бўлишидан қатъий назар ҳар бир Ўзбекистон фуқароси Президентимиздан ўрнак олган ҳолда ўзининг саъй-ҳаракатлари билан халқимизнинг мустаҳкам иродасини ифода этиб, унинг руҳи, бебаҳо маънавий мулки бўлган тилимизнинг равнақ топишига, халқаро майдондаги нуфузини кўтарилишига хизмат қилиши ҳам фарз, ҳам қарз.

Ўз она тилини эъзозлаш, севиш ватанпарварлик ва миллатпарварликнинг ажралмас бир бўлаги бўлиб, унинг замирида ўзликни англаш, яъни ота-она, халқ, устозу пирлар берган ном, илм-тарбия ва Она тилига ҳурмат ётади. Ватанпарварлик, миллатпарварликни баландпарвоз гаплар, ғурур ёки ютуқларни олқишлаш билан исботлаш керак эмас. Балки, она тилини бошқа тиллар таъсиридан муҳофаза қилиш, истилоҳларни ўзбекчалаштириш, мулоқотларни Она тилида олиб бориш, нутқда тилнинг жозибадорлигини кўрсатадиган, нуфузини оширадиган сўзларни ишлатиш орқали ҳисса қўшиш керак.

Ҳар бир фуқаро қандай даврада бўлмасин имкон даражасида ўз давлат тилида мулоқот қилишни, иш юритишни ҳаттоки дипломатик алоқаларни амалга оширишни миллатга ҳурмат, аждодларимизга эҳтиром, келажакка умид, керак бўлса муқаддас ибодат ўрнида қабул қилиши билан исботлаши муҳим.

Алишер Навоий бу масалада барчага ўрнак бўлиб, ўзбек тилининг имкониятларини ниҳоятда усталик билан самарали қўллаган бўлса, Амир Темур салтанатида иш юритиш, дипломатик ва сиёсат тили ҳам она тили – эски ўзбек тилида олиб борилганлигига тарихнинг ўзи гувоҳ. Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий инқилобий юришлари орқали дунёнинг кўп давлатларига халқимизга мансуб маданий қадриятлар, урф-одатлар, туркий адабиётлар, тил ва лаҳжалар кириб борган. Бундай оқилона тил сиёсати амалга оширилиши, натижада илм-фан, адабиёт ва санъат, ташқи савдо алоқалари, сайёҳлик ривожланиши орқали тилимиз гуллаб яшнади.

Бугунги таҳликали замонда ва глобаллашув шароитида она тилини эъзозлаш, уни ҳурматини жойига қўйишда, давлат сиёсати даражасига кўтаришда Президентимиз Ш.М.Мирзиёев боболаримизнинг муносиб давомчиси сифатида жасорат ва мардлик ила тинмасдан ҳаракат қилмоқда.

Халқ руҳи бўлган Она тилимизда ташаббус ва таклифлар киритиб, дунё ҳамжамияти ва давлатларини ҳамжиҳатликка чорлаб, тинчликка йўғрилган инқилобий ўзгаришлар қилмоқда. Ҳар қандай хавф-хатарлар билан курашишда Ўзбекистоннинг ҳар томонлама тайёр эканлигига ишора қилмоқда. Ўзбекистоннинг сиёсий майдондаги ўрни нақадар муҳимлигини халқаро майдонда эътироф этмоқда.

Юртюошимиз ўз нутқида БМТ Бош Ассамблеясининг марказий тадбирида халқаро ҳамжамият эътиборига коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш билан боғлиқ жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазиятдан тортиб, минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар, Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларига тўхталиб ўтди.

Минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммолари кўтарилди.

Қайсидир маънода халқаро ҳамжамият ва давлатлар томонидан кам эътибор берилиб келган қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш каби масалалар ўзбекона фикрлар орқали очиқ ва ошкора тарзда ёритилди.

Юқорида таъкидланган муаммоларни конструктив мулоқотларни кенгайтириш йўли билангина замонавий хатар ва таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари суриш йўл орқали ҳал этиш юзасидан аниқ ва равшан таклифлар киритилди.

Давлат раҳбаримиз киритган таклифлар ва кўтарган ташаббусларнинг “иссиқлиги”даёқ халқаро экспертлар, сиёсатдонлар, айрим давлат раҳбарлари, дипломатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланганлиги эса республикамиз фуқароларининг ҳар бирида фахр ва ифтихор туйғусини юзага келтириши сир эмас.

Айниқса, Афғонистон миллий исломий ҳаракати асосчиси, Афғонистон ўзбеклари раҳбари Маршал Абдул Рашид Дўстум ва Афғонистон Ислом Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аҳмад Ҳолид Элмийларнинг фикрича бу нутқ нафақат 34 миллионлик Ўзбекистон аҳлини, балки дунёдаги кўплаб мамлакатларда яшовчи миллатдошларимизни, хусусан, Афғонистондаги ўзбекларни ҳам чин маънода ғурурлантирган, Афғонистон ўзбеклари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юксак минбардаги чиқишини туй-тантана сифатида қабул қилган.

Бир сўз билан айтганда, мазкур чиқиш давлатимиз раҳбарининг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ҳам қатор муҳим таклиф ва фикр-мулоҳазаларининг мантиқий давоми дейишга тўла ҳақлимиз.

Чунончи, Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида кўрилган масалалар доирасида ўтган даврда Ўзбекистоннинг ташаббуси билан бир қанча оламшумул тадбирлар ва анжуманлар ўтказилди.

2018 йил 27 мартда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ўтказилди.

2018 йил 22 июнда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви якунларига кўра БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилинди.

2018 йил 27 ноябрда бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири — Орол ҳалокати оқибатларини бартараф этишга доир Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасига асос солинди ва ташкил этилди.

Барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишни кўзда тутувчи БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” ҳақидаги резолюцияси 2018 йил 12 декабрда қабул қилинди.

Энг эътиборлиси, дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилиб, у 2020 йил 12-13 август инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи Самарқанд веб-форумида муҳокама қилинди.

Коронавирус пандемияси туфайли онлайн мулоқот режимида ташкил этилган янги форматдаги Бош Ассамблеянинг етмиш бешинчи сессиясидаги Ўзбекистон ташаббуси Президентимизнинг узоқни кўрадиган доно раҳбар, моҳир нотиқ, етук сиёсатдон эканлигини яна бир бор намоён этди.

Президентимиз инсоният олдидаги ҳар қандай офат-кулфатлар, муаммоларни ҳал қилишда ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўзаро мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Нутқда БМТ нинг вазифалари ва ваколатлари билан боғлиқ барча йўналишларни қамраб олган миллий қадриятларимиздан келиб чиқиб, ўзбек тилида битилган муаммолар ва улар юзасидан ечимларни белгиловчи ташаббус ва таклифлар БМТ тузилмалари ва халқаро ҳамжамиятни бош қотиришига сабаб бўлди.

Умид қиламанки, мазкур нутқда кўтарилган муаммо, ташаббус ва таклифлар халқаро миқёсда кўп резонанс бериб, улар доирасида қатор халқаро анжуманлар ва халқаро даржадаги муҳокама-мунозараларга сабаб бўлади. Халқимизнинг бой қадриятлари ва бағрикенглик хислатларини англаб етишга сабаб бўлади.

Шулардан асосан, адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш мақсадида ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда ривожлантириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш таклиф қилинди.

Ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс эттирадиган БМТ шафелигидаги Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Шунинг давоми сифатида инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган БМТ саммитини ўтказиш бўйича таклиф маъқулланди.

Ўзбекистоннинг қатъий туб ислоҳотлар доирасида кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида шаклланаётган янги Ўзбекистондаги янгича Парламент сайловлари, аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошганлиги, гендер тенглик сиёсати, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни, Парламентда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайганлиги ғурур билан баён қилинди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат, хусусан диний эркинлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамланганлиги, мажбурий болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилганлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинганлиги, БМТнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилганлиги таъкидланди.

Суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар давом этаётганлиги, коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилганлиги айтиб ўтилди.

Иқтисодий ислоҳотлар натижасида тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда замонавий инфратузилмани барпо этиш, одамларни янги касб-ҳунарларга ўргатиш ва аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали камбағалликни камайтириш, қашшоқликни тугатиш ёритилди.

Қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш таклиф этилди.

Аҳолининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этадиган республикамизда ҳар бир ёшнинг муносиб ўрин эгаллашига қаратилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақириқ ташланди.

Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклиф этилди.

Минтақа давлатларининг синовли кунларда бир-бирини ёлғиз қолдирмасдан, ўзаро елкадош бўлган ҳолда давлатлараро яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратиш мақсадида минтақанинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлаш учун БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклиф этилди.

Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш соҳасида БМТнинг Глобал антитеррор стратегияси доирасида Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш, шунингдек 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказиш масаласи кўтарилди.

Қўшни Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилиш муҳимлиги, Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент конференциясида кўтарилган афғон муаммосини ечиш масаласини тинчлик билан ҳал этиш, жафокаш афғон заминида тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга чақирилди.

Иқтисодий интеграция жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида “Сурхон – Пули Хумри” электр узатиш тармоғини, Мозори Шарифдан Ҳинд океани портларига чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Афғон халқининг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун “Беқарор ва вайронкор вазиятдан – тинчлик ва бунёдкорлик сари” деган тамойил асосида БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш таклифи киритилди.

Глобал иқлим ўзгаришлар туфайли Марказий Осиё тараққиётига катта хавф туғдираётганлиги, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш, ҳужжат тасдиқланган санани “Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни” сифатида нишонлаш юзасидан асосли фикрлар билдирилди.

Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиясидаги тарихий аҳамиятга эга чиқиши, кўтарган ташаббус, билдирган таклифлари сессия иштирокчилари, аъзо давлатларнинг сиёсатчилари, халқаро ва маҳаллий экспертлар ҳамда халқимиз, миллатдошларимиз, қардошларимиз томонидан катта қизиқиш, чуқур мамнуният билан қабул қилинди.

Нутқда кўтарилган масалаларнинг оилалар, меҳнат жамоалари, давлат идоралари, сиёсий майдонларда, ижтимоий тармоқларда ва кенг омма ўртасида, ҳатто хорижда ҳам қизғин муҳокама қилинаётганлиги эътиборга сазовордир.

Шундай экан, барчамиз мазкур нутқ ва унда кўтарилган ғояларни чуқур ва пухта ўрганишимиз, ўзимиз ва меҳнат жамоамиз олдидаги долзарб вазифаларни белгилаб олишимиз, нутқдан таълим-тарбия жараёнларида кенг фойдаланишимиз, фуқаролик позициямиз, инсонийлик бурчимиздан келиб чиқиб, киритилган ташаббус-таклифларни кенг тарғиб қилишимиз мақсадга мувофиқ.

Жарангинг боқий бўлсин, азиз она тилим!

 

Ҳабибулла Азизов

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси

раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини

ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига

риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

25.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг