Ўзбекистонда 1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.
2020 йил 21 октябрь куни мамлакатимизда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлaди.
Истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.
Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 мартдаги “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 117-сон қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар асосида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил қилиниб, Республикамизнинг барча вазирлик ва идоралари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимларини бу борада малакасини оширилиши жорий йилнинг 2 сентябридан бошланиб кетди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат университетининг Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида Қорақалпоғистон Республикасидаги вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимларини жалб қилган ҳолда ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ҳодимлари ҳам машғулотларда фаол иштирок этиб ўзбек адабий тили меъёрлари, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имлоси, давлат тилида иш юритиш асослари, расмий ҳужжатлар ва уларни ёзиш бўйича назарий ҳамда амалий билимлари, кўникма ва маҳоратларини оширишмоқда.
Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ташкил этилган ўқиш 3 модулга бўлинган бўлиб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси, ўзбек адабий тили меъёрлари ҳамда давлат тилида иш юритишн ўз ичига қамраб олган, лекин Қорақалпоғистон Давлат университетининг Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида бошқа ҳудудий марказлардан фарқли ўлароқ ушбу модуллар қорақалпоқ тилида ҳам ўтказилмоқда.
Бу каби амалга оширилаётган ишлар Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ўзбек ва қорақалпоқ тилларининг тенг аҳамиятли давлат тиллари эканлиги ва уларнинг ҳар бирини олмосдек соф ва тоза ҳолида келажак авлодга етказишга, уларни асраб авайлаб, янада бойитишга хизмат қилиши шубҳасиздир.
Руслан Курбанов
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи бош инспектори
23.09.2020