Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тил - фахримиз ва маънавий бойлигимиздир
1243
Мамлакатимизда яқин кунларда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги Қонунининг қабул қилинганига ўттиз бир йил тўлади. Ҳар йили ушбу сана юртимизда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Кўп бора таъкидланганидек, она тили нафақат унда сўзлашувчи инсонларнинг ўзаро муомала воситаси, балки миллатнинг фахри, ғурур манбаи, маънавий бойлиги ҳамдир. Миллатнинг тарихи, бугуни, келажаги энг аввало унинг она тилида акс этади.

Эътиборлиси, ушбу тарихий санадан ўттиз йил ўтиб бу борада яна бир қутлуғ қадам қўйилди. Яъни, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850-сон Фармони қабул қилинди.

Фармонда қайд этилганидек, халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир.

Энг асосийси, ушбу ҳужжат билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санаси “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди.

Ушбу улуғ санани кўтаринки руҳда нишонлаш юзасидан Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам зарур чоралар кўрилмоқда. Байрам арафасида турли тадбирлар, учрашув ва ижодий кечалар ўтказиш белгиланган.

Дарҳақиқат, Ўзбек тили – биз яшаб турган Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг кўпчилиги ҳисобланган ўзбек халқининг она тилидир. У Ўзбекистон бирлиги ва яхлитлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳисобланади. Ўзбек халқининг, унинг миллий маданияти ва ўзига хослигини ифода этувчи восита бўлмиш ўзбек тилининг ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш, тилнинг давлат тили мақомидек салоҳиятини изчил ва тўлиқ рўёбга чиқариш муҳим вазифамиздир.

 

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

19.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг